Парапроктит

Парапроктит [пара… ва юн. proktos – орқа чиқарув тешиги] – орқа чиқарув тешиги ёки тўғри ичак атрофидаги клетчаткаларнинг йирингли яллиғланиши. Парапроктит, кўпинча, орқа чиқарув тешиги атрофининг ёрилиши ёки бавосини вақтида даволатмаслик натижасида тўғри ичак шиллиқ пардасида пайдо бўлган яранинг асорати сифатида вужудга келади. Ёрилган жой ва Ярадан тўғри ичак атрофидаги тўқима (клетчатка)га тўғри ичакда доимо бўладиган йиринг пайдо қилувчи микроблар ўтади. Касаллик ўткир ва сурункали кечади. Ўткир парапроктитда тўғри ичак атрофидаги клетчаткада йирингли бўшлик пайдо бўлади; абсцесс, оғирроқ ҳолларда флегмона кузатилади. Касалликнинг оғир-енгил кечиши яллиғланган соҳанинг юза ёки чуқур бўлишига боғлиқ. Юза парапроктитда ични бўшатиш вақтида қаттиқ оғриқ бўлади, орқа чиқарув тешигининг атрофи шишиб, безиллаб туради. Чуқур парапроктитда, айниқса, чаноқ бўшлиғидаги клетчатка зарарланган бўлса, аввал оғриқ сезилмайди, яллиғланган соҳа атрофида ўзгаришларни врач тўғри ичакни текшириш вақтида аниқлайди. Кейинчалик беморнинг умумий аҳволи ёмонлашади, боши оғрийди, ҳарорати кўтарилади, эти увишади, пульси тезлашади, тили караш бўлади, иштаҳаси йўқолади, касаллик кечиктирилганда сепсис рўй бериши мумкин. Кўпчилик ҳолларда йирингли бўшлиқ ёрилиб, йиринг оқиб тушади (тўғри ичак ёки ораликка), шу вақтдан бошлаб касаллик сурункали шаклга ўтади. Сурункали парапроктитда тўғри ичак атрофидаги клетчаткада узоқ вақтгача битмайдиган оқма яра пайдо бўлади; бу яра тешилганда ундан йиринг билан бирга ахлат масалари хам ажралади. Фақат юза парапроктитда йиринг оқиб тушиб, ўз ҳолича тузалиб, битиб кетиши мумкин. Оқма яралар пайдо бўлганда, одатда, операция қилинади. Сил билан боғлик парапроктит ўткир яллиғланиш белгиларисиз кечса ҳам, оқма яралар пайдо бўлади, бунда операциядан ташқари, силга қарши махсус даво қўлланиши лозим. Парапроктит билан оғриган бемор касалхонада даволанади. Олдини олиш, асосан, проктит, бавосир, орқа чиқарув тешиги соҳасидаги ёриқ ва бошқа(лар) касалликларни ўз вақтида даволатиш, парапроктитга хос дастлабки аломатлар сезилганда дарҳол шифокорга мурожаат этишдан иборат. Шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, ҳожатдан кейин орқа чиқарув тешигини илиқ сув билан ювиш П. нинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

[addtoany]