Перитонит [юн. peritonaeum – қорин пардаси] – қорин пардасининг яллиғланиши. Ҳамма ёшдаги кишиларда учрайди. Одатда, қорин бўшлиғидаги аъзоларнинг шикастланиши ёки уларга микроблар (ичак таёқчаси, стрептококк, стафилококк) тушиши оқибатида юзага келади. Меъда, ўн икки бармоқ ичак яраси, ўт пуфаги, кўричакнинг ёрилиб кетиши ва чурранинг қисилиб қолиши, қорин бўшлиғининг жароҳатланиши ва бошқа(лар) перитонитга сабаб бўлади.
Ўткир ва сурункали перитонит фарқ қилинади. Ўткир перитонитда дастлаб беморнинг кўнгли айниб, қусади, корни қаттиқ оғрийди, ҳиқичоқ тутади, ичи қотади. Касаллик тезда зўрайиб, қорин бўшлиғида йирингли экссудат тўпланади. Бунда беморнинг ранги оқариб, кўзлари хиралашади, нафаси тезлашиб, қорни шишиб кетади, тез-тез қусади. Ўткир перитонит ҳаёт учун жуда хавфли бўлиб, бемор зудлик билан касалхонага ётқизилди. Сурункали П., кўпинча, бирор аъзонинг зарарланиши ёки сурункали касаллик (масалан, сил) оқибатида пайдо бўлади, одатда, аста-секин ривожланади. Бунда қорин бўшлиғида суюқлик тўпланиб, бемор озиб кетади, қорни оғрийди, қабзият кузатилади.
Давоси: Ўткир турдаги касаллик операция қилиб даволанади. Сурункали касалликда даво касалликнинг асосий сабабига қарши қаратилади. Антибиотиклар буюрилади.
[addtoany]