Пес

Пес, витилиго – терида яра-чақасиз оқ доғлар пайдо бўлиши (пигмент йўқолиши). Нерв ва эндокрин касалликлари аломати бўлиши мумкин. Пес пайдо бўлишида ирсий омилларнинг ҳам роли бор. Бунда терининг турли жойлари (кўпинча юз, бўйин, қўл)га оқ доғ тушади. Доғлар думалоқ ёки овалсимон бўлиб, атрофидаги соғ теридан аниқ ажралиб туради. Пес доғлари аста-секин катталашиб, бир-бири билан қўшилиши, ҳар хил шаклга кириши ва терининг талайгина қисмини эгаллаб олиши мумкин. Доғ тушган жойдаги соч ва Туклар ҳам оқариб чиқади. Касаллик бошланишини, кўпинча, бемор сезмайди. Аста-секин тери оқаради, баъзан бирдан оқариш ҳоллари ҳам учрайди. Оқ доғ тушишидан олдин тери қилишини ва бироз кепакланиши ҳам мумкин. Доғ тушган жойда терининг сезиш хусусияти йўқолмайди. Пес юқумли эмас, у киши ҳуснини бузади, холос. Бундай кишилардан ҳазар қилиш ярамайди. Замонавий дори-дармонлар песни даволашда яхши наф бермоқда, улар ичида ПУВА терапия алоҳида ўринни эгаллайди. Витаминлар (В15 В6, В12, С ва бошқа(лар)) билан даволаш мақсадга мувофиқ. Офтобда узоқ вақт юриш, корайиш ва бошқа(лар)дан сақланиш лозим, чунки қорайган терида пес доғлари яққол кўзга ташланади.

[addtoany]