Пигмент ҳужайралар, хромотфорлар – нейроэктодермадан ҳосил бўладиган, эркин жойлашган ёки эпителий таркибига кирувчи ҳужайралар; кўпчилик умуртқасизлар ва барча умуртқали ҳайвонларда тери ва унинг ҳосилалари (пат, юнг), кўзнинг рангини белгиловчи пигментларни синтез қилади. Пигмент ҳужайралар организмни ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилиш, терморегуляция вазифасини бажаради. Пигмент ҳужайралар ҳайвонлар жинсий таниб олиши ва улар рангининг хилма-хил бўлишида катта аҳамиятга эга. Ўсимлик гулларининг хилма-хиллиги ҳам пигмент ҳужайралар билан боғлиқ. Пигментлар ҳужайра цитоплазмасида махсус пигмент доначаларида синтезланади. Пигмент ҳужайраларнинг фаолияти нерв ва эндокрин тизим орқали бошқарилади. Уларнинг фаолияти мавсумийлик ва эндоген биоримикликка ҳам боғлиқ. Пигментация тирик организмларнинг ташқи муҳитга мослашишида катта аҳамиятга эга. Одам терисидаги туғма ҳоллар меланобластларнинг нотўғри тақсимланиши натижасида ҳосил бўлади. Айрим омиллар таъсирида туғма ҳоллар баъзан хавфли ўсмалар, яъни меланомаларга айланиши мумкин.
[addtoany]