Пиодермия

Пиодермия [юн. руоп – йиринг ва берма] – терининг йирингли касаллиги. Терига йиринг пайдо қилувчи микроблар – стафилококк ва стрептококклар, гоҳо айрим Микроорганизмлар – пневмококклар, кўк йиринг таёчаси ва бошқа(лар)нинг тушиши сабаб бўлади. Баъзан бир нечта микроорганизм биргаликда учраши ҳам мумкин. Табиатда стафилококк ва стретококкларнинг доимий мавжудлиги пиодермиянинг тез-тез учрашига олиб келади. Санитария-гигиена қонун-коидаларини билмаслик ёки уни қўпол равишда бузиш, турмуш ва меҳнат шароитларидаги кам-кўст ҳолатлар (айрим касб кишиларида кўмир, цемент ва бошқа(лар) билан терининг мунтазам ифлосланиши), меъда-ичак, нерв тизими фаолиятининг, шунингдек, моддалар алмашинувининг бузилиши, интоксикация ва бошқа(лар) пиодермия тарқалишига имкон беради. Пиодермиянинг ўткир ва сурункали, шунингдек, юза ва чуқур, стретококкли, стафилококкли ва аралаш хиллари тафовут қилинади. Стафилококкли пиодермияга (стфилодермиялар – бунда, асосан, соч фолликулари ва апокрин без соҳаси зарарланади) фолликулин чипқон, ҳўппоз, гидроденит, сикоз ва бошқа(лар) киради. Стрептококкли П. дан (стрептодермияда – тери юзаси чақаланади, нозик пуфакчалар пайдо бўлади, йиринглайди; йиринг тезда кўриб, қора қўтирга айланади) сачратқи, сарамас, лаб бичилиши, хасмол ва бошқа(лар) учрайди. Пиодермиянинг барча турларини даволаш деярли бир хил. Антибиотиклар, сульфаниламидлар, витаминлар, специфик ва носпецифик иммунбиологик терапия ҳамда физиотерапевтик даво усуллари қўлланади. Ёш болалар П. га кўпроқ мойил бўлганлиги учун беморларнинг соғлом болалар билан юришига йўл кўйилмайди. Пиодермиянинг олдини олишда унга сабаб бўладиган омилни бартараф этиш муҳим.

[addtoany]