Подагра [юн. podos – оёқ ва agra – қопқон] – организмда моддалар алмашинувининг бузилишидан келиб чиқадиган касаллик. Бунда суяклар, бўғимлар, тоғайлар, пайлар, фасциялар ва бошқа(лар)да сийдик кислота тузлари (уратлар) тўпланади. Подагра айрим ойналар авлодида йиллар давомида кузатилгани учун ирсий касалликларга ҳам киритишади. Бундан ташқари, нотўғри овқатланиш, спиртли ичимликлар, гўшт ва гўшт маҳсулотларини кўп истеъмол қилиш, кам ҳаракатланиш натижасида ҳам юзага келади. Касаллик кўпроқ эркакларда 40 ёшдан кейин, аёлларда эса нисбатан камроқ учрайди. Сийдик кислота тузлари оёқ ва қўлларнинг майда бўғимларида (уларнинг шакли ва фаолияти бузилади), шунингдек, тери, қулоқ чиғаноғи тоғайлари ва ҳатто ички аъзолар (масалан, буйрак) да тўпланиши мумкин. Оёқнинг бош бармоғи бўғимида игнасимон уратлар тўпланиши касалликнинг энг характерли белгисидир.
Подагра оғриқ хуружлари билан кечади. Бирор бўғимда, хусусан, бошмалдоқ бўғимларида, бирдан сабабсиз қаттиқ оғриқ туриши подагранинг асосий белгиларидандир. Оғриқ кечаси, одатда, саҳарга яқин тутади ва беморнинг эта увушиб тана ҳарорати 40° гача кўтарилади, тонгга яқин оғриқ бироз камаяди, бу ҳодиса 1-3 кунга чўзилади. Зарарланган бўғимлар териси қизариб шишади, қўл тегизилганда безиллайди. Оғриқ хуружларига қориннинг дам бўлиши, ичак фаолиятининг бузилиши (қабзият) ҳам қўшилиши мумкин. Кейин оғриқ тўхтайди. Яна қайталагунча бир неча кундан тортиб 1-2 йилгача муддат ўтиши мумкин. Касаллик кучайиб борса, ҳуружлар тез-тез қайталаниб, улар орасидаги муддат қисқара боради ва касаллик сурункали тус олади.
Подагранинг ўткир хуружлари, айниқса, сурункали шаклга ўтиб кетишининг олдини олиш учун ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш керак.
[addtoany]