Полиомиелит

Полиомиелит [юн. polios – кулранг ва myelos – орқа мия] – ўткир юқумли касаллик. Бунда марказий нерв тизими зарарланади. Фалаж билан ёки фалажсиз кечади. Полиомиелит қадимдан маълум бўлиб, айниқса, болалар ўртасида кенг тарқалган. Полиомиелит оқибатида минглаб болалар фалаж бўлиб келар эди.

Вирусни сунъий кўпайтириш усулининг кашф этилиши, полиомиелитга қарши вакцина яратилиши ва болаларни ёппасига эмлаш амалга оширилиши туфайли касаллик тез камайди. Касалликни қўзғатувчи вируслар сувда узоқ вақт сақланади, қайнатилганда, калий перманганат ва водород пероксид таъсирида ҳалок бўлади. Касаллик бемор билан ёки касаллик қўзғатувчисини ташиб юрувчилар билан мулоқотда бўлганда юкади. Вирус ҳаво-томчи йўллари орқали (аксирганда, йўталганда), шунингдек, ифлосланган сабзавот, мева, қайнатилмаган сув, сутни истеъмол қилганда организмга ўтади. Ёз ва куз ойларида полиомиелит кўпроқ учрайди. Касаллик ўткир бошланади: беморнинг ҳарорати 38-39° гача кўтарилади, йўтал, аксириш, томоқ оғриши, қорнида оғриқ пайдо бўлиши ва ич кетиши кузатилади. Бу белгилар 4-5 кундан кейин ўтиб кетади, бир ҳафтадан сўнг ҳарорат яна кўтарилади ва турли мушаклар, айниқса, оёқ ва қўллар фалажи авж олади.

Фалажсиз полиомиелит юқори нафас йўлларининг ўткир катари сифатида (қ. Ўткир респиратор касалликлар) ёки меъда-ичак фаолиятининг бузилиши кўринишида кечади. Бемор касалхонада даволанади. Фалаж билан кечадиган полиомиелитда зарарланган қўл ва оёқнинг ҳаракатланиши бузилади, касал қўл ёки оёқ соғлом оёқ-қўлга қараганда ўсишдан орқада қолади. Шу сабабли комплекс даволашда массаж, даво физкультраси, оёқ ва қўллар учун махсус ортопедик аппаратлар, тана ва бўйнига корсет тақиш тавсия этилади. Кейинчалик санаторий-курортда даволаниш керак. Фалаж билан кечадиган полиомиелит узоқ ва тўғри даволанганда оёқ ва кунларнинг издан чиққан фаолиятлари тикланиши мумкин.

Полиомиелитнинг олдини олиш учун суюқ ҳолдаги ва конфет (антиполиодраже) шаклидаги тирик П. вакцинаси билан эмланади.

[addtoany]