Қичима

Қичима, пруриго – баданга тарикдек майда, уни пуфакчаги, пушти ранг ёки соғлом тери рангидаги тошмалар тошиши билан кечадиган касаллик. Тошмалар қўл ва оёқларнинг ёзилувчи юзаларида, думбада пайдо бўлади. Ирсий омиллар, баъзи овқат маҳсулотлари, Дори-дармонларнинг организмга аллергик таъсири ва бошқалар қичиманинг ривожланишига сабаб бўлади. Болалар ва катталарда учрайдиган ҳамда тугунчали қичима бор. Болалар қичимасида баданнинг қаттиқ қичишиб туриши боланинг уйқуси билан иштаҳасини бузади, у инжиқ бўлиб қолади. Бадан терисининг қашланиб тирналши оқибатида иккиламчи пиодермия қўшилиши мумкин; бунда касаллик сурункали давом этади. Катталар қичимасида тошмалар бел, қорин ва бошқа(лар) соҳаларга тошади, улар қаттиқ қичишади ва бемор қашинганда пуфакчалар ёрилиб, эрозяга айланади. Ундан ажралган суюқлик котиб, қизғиш пўстлоклар ҳосил бўлади. Касаллик сурункали кечиши ва қайталаниб туриши натижасида тери қалинлашиб, унда қорамтир доғлар юзага келади, қашинганда тирналган жойлар оқариб, чандиқланади. Кўпинча, касаллик иккиламчи инфекция билан мураккаблашади, бунда беморнинг умумий аҳволи ўзгариб, асабий ҳолат вужудга келади. Болалар қичимаси кўпроқ экссудатив-катарал диатез билан оғрийдиган болаларда (баъзан, болаликдан тошган эшакем кейинчалик қичимага айланади) кузатилиб, одатда, юз ва соч зарарланади. Баъзан кемаларда учрайдиган Қ. да баданга ҳеч нарса тошмайди, фақат қашинган жойда тирноқ излари қолади. Қичимада беморнинг нерв тизими бузилади, уйқуси йўқолади, териси қуруқшаб, лимфа тугунлари катталашади.

Давоси. Қичимани мутахассис шифокор даволайди. Даво жараёнида болалар, шунингдек, катталар овқатига алоҳида эътибор бериш лозим. Болаларни кўшимча овқатлантиришда, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиб олиш зарур. Очиқ ҳавода сайр қилиш, ёз кунлари офтобда тобланиш, денгизда чўмилиш тавсия этилади. Бола қаттиқ қашинмаслиги учун тармоғини бот-бот олиб туриш, терининг йирингли касалликларига хос аломатлар пайдо бўлса, албатта, шифокорга кўриниш керак. Қичиманинг олдини олиш учун парҳез сақлаш, ширинликлар, аччиқ, шўр, дудланган овқатлар истеъмол қилмаган маъқул. Беморга антигистаминлар, тинчлантирувчи дорилар, парҳез буюрилади; Қ. га қарши кортикостероид суртма дорилар суртилади, санаторий ва курортларда даволаниш тавсия этилади.

[addtoany]