Қизилўнгач – одам ва ҳайвонларда овқат ҳазм қилиш тизимининг ҳалқум билан меъда ўртасидаги қисми. Қушларда қизилўнгач кенгайиб, жиғилдонни ҳосил қилади. Одамда Қ. орқа кўкс оралиғида жойлашган 23-25 см узунлидаги мушакли найчадан иборат бўлиб, кўкрак қафасидан ди-афрагма тешиги орқали қорин бўшлигига ўтади ва меъдага уланади. Қизилўнгач девори шиллиқ, шиллиқ ости ва мушак қаватлардан иборат. Шиллиқ қавати бурмаларга йиғилган бўлиб, овқат луқмаси ўтаётганида текисланди. Қизилўнгач ташқи томондан бириктирувчи тўқима билан қопланганлиги сабабли овқат луқмаси ўтаётганида кўндаланг диаметрини осонликча ўзгартира олади. Ютилган овқат луқмаси Қ. перистальтикаси туфайли меъдага, кейин овқат ҳазм қилиш тизимининг ҳамма қисмига ўтади. Перистальтика – мушакларнинг тартиб билан қисқариши овқат ҳазм қилиш тизимининг барча қисмида бўлади. Ютинганда Қ. мушаклари рефлектор қисқариши туфайли овқат луқмаси юқоридан пастга йўналади. Қизилўнгачнинг яллиғланиши эзофагит дейилади. Бунга қайноқ ва аччиқ овқатлар ёйиш, кислота, иш-қорлар таъсири, шунингдек, турли дори ҳамда спиртли ичимликларни сурункасига истеъмол қилиш сабаб бўлади (яна қ. Овқат ҳазм қилиш тизими).
[addtoany]