Перистальтика [юн. peristaltikos — камроқ оладиган, қисадиган] – ковак (найсимон) ички аъзолар (меъда, ичак, уруғ каналлари, ўт йўли, сийдик йўли ва бошқалар) деворининг бир маромда тўлқинсимон қисқариши. Шу ҳаракат туфайли бу аъзолардаги масса ва суюқлик олдинга сижийди.
Перистальтика автоматик тарзда амалга ошади. Марказий нерв тизими адашган (парасимпатик) ва симпатик нервлар орқали перистальтикани тормозлади ёки тезлаштиради. Айрим касалликларда перистальтика бузилади. Меъда ширасининг кислоталиги ортганда меъда перистальтикаси кучаяди. Бунда, кўпинча, ҳиқичоқ тутади, жиғилдон қайнайди. Ичак П. си механик ва кимёвий таъсиротлар, маҳаллий яллиғланиш, ачиш ва бижғиш жараёнлари натижасида тезлашади. Қўрққанда, изтироб чекканда ҳам П. кучаяди. Кимёвий ва механик таъсиротлар кам таъсир этганида ичак рецепторларининг қўзғалувчанлик пасайганда П. сусаяди. Бунда ичаклар бўйлаб овқатнинг ҳаракати секинлашади ва сурункали қабзият пайдо бўлади. Ички секреция безларининг айрим касалликларида ҳам П. сусаяди.
[addtoany]