Қоғоноқ суви

Қоғоноқ суви – она қорнидаги ҳомилани ўраб турадиган суюқлик. Ҳомилани ташқи тасиротлардан ҳимоя қилиб, унинг тўғри ўсишини таъминлайди. Қоғоноқ суви физиологик аҳамиятга эга, у ҳомиланинг қимирлашига қулайлик яратади, унга кислород ва озиқ моддалар етказиб туради; ҳомила киндигини сиқилиб қолишдан сақлайди, туғруқ вақтида бачадон бўйиннинг нормал очилишига имкон беради. Туғруқ бошланишига кадар қоғоноқ сувининг кетиб қолиши анча хавфли, бунда нохуш оқибатлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолларда ҳомиладор аёлни туғрукхонага жўнатиш керак. Қоғоноқ сувида моддалар алмашинуви жараёнида ҳомила ажратадиган маҳсулотлар бўлади. Шу боис қоғоноқ суви таркибини ўрганиш акушерга ҳомиланинг аҳволи тўғрисида анча аниқ тасаввурга эга бўлиш ва зарур бўлганда унга ўз вақтида тегишли ёрдам кўрсатишга имкон беради.

Ҳомиладорлик охирида сув миқдори 1-1,5 л га етади. Қоғоноқ сувининг нормадан кам бўлиши ҳомилада туғма нуқсонлар вужудга келишига, сув кўп бўлиши эса ҳомиладорлик ва тугаш даврида турли асоратлар (масалан, дард тутишнинг суст бўлиши, қон кетиши ва бошқа(лар))га сабаб бўлади. Шу боис ҳомиладор аёлда кўп сувлик аломатлари сезилганда дарҳол туғрукхонага ётқизиб текшириш ва даволаш талаб этилади.