Қон босимини туширувчи моддалар, гипотензив моддалар – қон Томирлар тонусини пасайтирувчи дорилар. Улар артериал босим (АБ)ни меъёрига тушириб, нишон-аъзоларда кечадиган ўзгаришларни камайтиради, гипертония касаллиги асораларининг олдини олади. Тиббиёт амалиётида қон босими ошишининг турли босқичларига таъсир қилувчи юқори самарали дори воситалари кўп, лекин уларнинг кўпчилиги артериал босимни пасайтириш билан бирга, сезиларли равишда карбонсув ва ёғлар алмашинувини бузади, марказий нерв тизими фаолиятини сусайтиради, қон реологияси ва бошқа(лар)ни ўзгаришига олиб келади. Шу боис амалиётда ножўя таъсири камроқ «биринчи қатор» препаратлар гуруҳи ажратиб олинган. Булар:
1) сийдик ҳайдовчи дорилар (тиазид ва «ҳалкали» диуретиклар), қисман калий сақловчи воситалар;
2) Са++ иони антагонистлари (нифедипин гуруҳи – амлодипин, нитрендипин ва бошқа(лар));
3) а-адреноблокаторлар;
4) Д-адреноблокаторлар, жумладан, «гибридлар»;
5) ангиотензин айлантирувчи фермент игибиторлари;
6) ангитензин «рецепторлари блокаторлари».
Илгари кенг қўлланилган резерпин, бензогексоний, пентамин, апрессин ва бошқа(лар) ҳозирда фақат ёрдамчи аҳамиятга эга. Ҳоз. клофелин, фентоламин, празозин, апрессин ва бошқа қон босимини туширувчи моддалар қўлланади.
Шифокор касалликнинг даврига ва организмнинг ҳолатига, шунингдек, дорининг таъсир этишига қараб бирор хил дорини буюради. Қон босимини туширувчи моддаларни ўз билгича ичмаслик керак. Агар улар врач рухсатисиз ичилса, таъсири бўлмаслиги ёки юрак фаолиятини зарарлаши, кўнгил айниши, қусиш, қувватсизлик, бош айланиши ва бошқа(лар) кузатилади, шунингдек, артериал босим тўсатдан пасайиб кетиб, ҳаёт учун хавфли ҳолат – коллапста олиб келади. Қон босимини туширувчи моддаларни фақат шифокор кўрсатмасига мувофиқ ишлатиш керак.
[addtoany]