Қон касалликлари, қон тизими касалликлари – периферик қон ва қон яратувчи аъзоларнинг шикастланиши билан кечадиган касалликлар гуруҳи. Қон касалликларининг келиб чиқиш сабаблари ва белгилари хилма-хил, лекин уларнинг ҳаммасида ҳам қон ҳужайраларининг ишланиб чиқиши, фаолиятлари, организмда тақсимланиши ва бошқа(лар) кўрсаткичлари бузилади. Бу ўзгаришлар қон яратилишини идора этадиган нерв-эндокрин тизим фаолияти ҳамда бошқа аъзолар (меъда, жигар) фаолиятига, организмнинг ирсий хусусиятларини белгиловчи ген аппаратига боғлиқ. Қон касалликларига олиб келадиган жараёнлар механизми мураккаб ва хилма-хиллиги сабабли қон касалликларини шартли равишда патгенетик хусусиятлари ва клиник белгиларига қараб лейкозлар, камчиликлар ва коагулопатияларга ажратилади. Асосан, қизил қон тизими касалликлари, оқ қон тизими касалликлари, тромбоцитлар (қон пластинкалари)нинг касалликлари тафовут қилинади. Буларнинг келиб чиқишида қон тизимида рўй берадиган аплатик, гиперпластик ўзгаришлар ва қон яратилишининг бузилишига олиб келадиган бошқа патологик жараёнларнинг аҳамияти катта.
Қизил қон тизими касалликлари. Бунга қизил қон шаклли элементлари – эритроцитлар камайиши билан кечадиган турли хил анемиялар, уларнинг ортиқча ишланиб чиқиши билан ифодаланадиган эритремиялар, оқ қон тизими касалликларига турли хил лейкозлар, кўп сонли миелома касаллиги, Хожкин касаллиги (лифогранулематоз), лимфосаркома, ретикулосакома ва бошқа(лар) киради.
Тромбоцитлар касалликлари кўмикда мегакариоцит ҳужайралар ёки тромбоцитлар фаолиятининг сусайиши билан боғлик равишда пайдо бўлади. Буларга идиопатик тромбоцитпеник пурпура, Гланцман хасталиги киради. Қон касалликлари бир-биридан фарқ қилса ҳам, лекин маълум бир қонуният билан авж олиб бориб, организмдаги талайгина аъзолар фаолиятининг издан чиқишига сабаб бўлади.
Қон касалликлари тури, хусусиятлари ва авж олиш даражасига қараб даво қилинади.
Қон касалликларининг келиб чиқиш сабаблари ва авж олиш механизмларини ўрганиш, даволаш чра-усулларини ишлаб чиқиш масалалари билан гематология шуғулланади.
[addtoany]