Қон яратилиши

Қон яратилиши, гемопоэз – қон ҳужайраларининг ҳосил бўлиши, ривожланиши ва етилиши. Одамда ва сут эмизувчи ҳайвонларда қон яратувчи аъзоларда, умуртқасиз ҳайвонларда, асосан, бўшлиқлардаги суюқликлар ва қоннинг ўзида ёки гемолимфада ҳосил бўлади. Қон яратилиши узлуксиз жараён бўлиб, кўпчилик қон ҳужайраларининг қисқа ҳаётий цикли туфайли рўй беради.

Одам эмбрионида сариқлик халтачасдаги мезенхима ҳужайраларида қон яратувчи ҳужайра ҳосил бўлади; ҳомила 3 ойлигидан то туғилгунига қадар қон жигарда ва талокда, 4 ойлигидан бошлаб эса бир вақтда кўмикда ҳам ҳосил бўла бошлайди, 4-ойдан бошлаб лимфа тугунларида лимфоцитлар шаклланади.

Уч ойлик ҳомилада қизил қон таначалари – мегалобластлар (ядроли йирик ҳужайралар) етилиб, йирик эритроцитлар (мегалоцитлар)га, сўнг эритробластларга айланади, улар аста-секин нормобластлар билан алмашинади. Янги туғилган бола ва катта ёшдаги соғлом организмда бўладиган эритроцитлар ана шу номобластлардан вужудга келади.

Барча етилган қон ҳужайралари бир-бридан фарқланса ҳам ягона бошланғич (устун) қон яратувчи ҳужайралардан вужудга келади.

Кўмикдаги бошланғич қон ҳужайраларининг етилиб қоннинг етук шаклли элементларга айланиши қон ҳосил қилувчи аъзоларда содир бўлади. Қон ўзанига (томирдаги қон оқимига) қоннинг барча вазифасини бажара оладиган етук ҳужайралар тушади.

Соғлом организмдаги қон таркиби ва қон яратиш аъзолари ўзаро динамик мувозанатда бўладиган яхлит битта системани ташкил қилади; емирилган қон ҳужайралари қон ҳосил қилиш аъзоларида узлуксиз янгиланиб туради. Қон яратилишидаги бундай мувозанат марказий ва вегетатив нерв тизими, гормонлар, витаминлар, шунингдек, махсус моддалар – гемпоэтинлар томонидан бошқарилади.

Қон йўкотганда, қонда кислород етишмаганда, яллиғланиш жараёнларида, инфекцион касалликларда қонда эритроцитлар ёки лейкоцитлар ҳосил бўлиши кучаяди, бу организмнинг ҳимоя реакциясидир; бундай ҳолат қоннинг реактив ўзгариши деб аталади. Қон ҳосил бўлишининг тезлашуви организмнинг ҳимоя реакцияси бўлганлиги сабабли киши соғайганда қон яратилиши ҳам меъёрлашди. Айрим касалликларда (организмда темир моддаси, витамин В|2 етишмаганда, талоқ касалланганда, меъда олиб ташланганда, заҳарли моддалардан заҳарланганда) қон ҳосил бўлиши сусаяди, камқонлик рўй беради. Бундан ташқари, кўмикда турли патологик жараёнлар пайдо бўлиши мумкин, бунда, асосан, қонда ёш (етолмаган) шаклли элементлар кўпаяди.

[addtoany]