Қўтир – инвазион тери касаллиги; қўтир каналар (қ. Қичима каналар) кўзғатади. Қўзғтувчилар одамга асосан бемордан ёки унинг буюмлари (масалан, сочиқ, кийим-кечак, кўпа-тўшак) орқали ўтади. Касаллик юққанидан 7-10 кун кейин қўтир аломатлари кўзга ташланади. Қўтир каналари, асосан, терининг юпқа ва нозик жойларини тешиб киради. Қўл, оёқ бармоқлари орасидаги бурмалар, қорин, бел ва кўкрак қафасининг икки ён томон териси касалланади; шу соҳа терисида майда қизғиш тугунчалар пайдо бўлиб, усти корамтир-қизил пўст билан қопланади ёки учида пуфакча кўриниб туради; тугунчалар орасида теридан салгина бўртиб чиққан, бир неча мм узунликдаги тўғри ёки эгри чизиқча – кана йўли ҳосил бўлади. Бемор қаттиқ қилинади, бу ҳолат, айниқса, кечаси кучаяди (қўтир канаси кечаси фаоллашди). Қичинганда тирналган жойларга инфекция тушиши натижасида қўтирда, кўпинча, терининг йирингли касалликлари ривожланиши ҳам мумкин. Терининг юпқа ва нозик қисмида Қичишиш аломатлари пайдо бўлиши билан дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим. Қўтирни даволаш учун врач тавсия этган дори суртилади, шу вақт ичида чўмилиш мумкин эмас. 7-куни чўмилиб, кийимлар алмаштирилади. Бемор бошқалардан алоҳида ётиши ва ўзига алоҳида сочиқ тутиши лозим. У ишлатган чойшаб, кўрпа, ёстиқ жилди, ич кийимларини яхшилаб қайнатиш ёки лизол эритмасига 1 соат ботириб қўйиш керак. Устки кийим-кечакларни махсус дезокамерада дезинфекция қилиш, агар бунинг иложи бўлмаса, 5 кунгача офтобга ёйиш, совуқ кунларда эса кун бўйи ёйиб қўйиш, иссиқ дазмол билан дазмоллаш лозим. Бемор ётган хона ва жиҳозларини нам латта билан артиб туриш керак.
Қўтирга ўз вақтида даво қилинса, бемор тезда соғайиб кетади. Қўтирнинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш жуда муҳим.
[addtoany]