Қуймуч нерви

Қуймуч нерви [nervus ischiadicus] – одам ва умуртқали ҳайвонлардаги энг йирик нерв. Орқа мия ўсиқлари ва орқа мия тугунининг сезувчи толалари (Одамда 4, 5-жуфт бел ва 1-3-жуфт думғаза нервлари)дан ҳосил бўлади. Бу нерв думғаза чигалидан узун тармоқлар тарзида ноксимон мушак ости тешиги орқали чиқади. Қуймуч нерви битта яхлит бириктирувчи тўқима пардаси билан ўралган, катта болдир ва кичик болдирнинг умумий нервларидан иборат. Булардан бири оёқ кафти ва болдирнинг орқа гуруҳ мушакларини иннервациялайди, у тизза, панжа бўғими ва панжанинг кафт териси билан медиал томондаги терисига тармоқлар беради. Иккинчиси умумий кичик болдир нерви чуқур (ҳаракатлантирувчи толалар) ва юза (сезувчи толалардан иборат) шохларга бўлиниб, товон ва болдирнинг ташқи томонидан терисини иннервациялайди. Қуймуч нервининг оғриқли яллиғланиши – ишиас кўпроқ кузатилади.

[addtoany]