Ретикуляр формация [лот. reticulum – тўр ва formatio – тузилма] тўрсимон тузилма – бош миянинг марказида (узунчоқ ва ўрта мияда, кўриш дўмбокларида) жойлшаган махсус тузилмалар мажмуи. Марказий нерв тизимининг қуйи ва юқори жойлашган соҳалари, шу жумладан, катта ярим шарлар пўстлоғи кўзғалувчанлиги ва тонуси даражаларини бошқаради. Ретикуляр формация ҳосил қилувчи нейронлар асонларининг тузилиши, узунлиги ва катта-кчиклигига кўра турличадир. Уларнинг толалари чирмашиб кетган. «Р. ф.» атамасини немис олими О. Дейтерс киритган, у тўрсимон тузилманинг фақат морфологик хусусиятларини ифодалайди. Ретикуляр формация орқа мия, мияча, лимбик тизим ва бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи билан морфологик ва функционал жиҳатдан боғланган. Тўрсимон формация соҳасида унга келаётган афферент ва эфферент импульси ўзаро таъсир кўрсатади. Натижада тўрсимон формация нейронлари муайян қўзғалган ҳолатда бўлади. Бу эса марказий нерв тизимини ташқи муҳитдан келаётган импульсларни қабул қилишга тайёрлаб туради. Ретикуляр формация марказий нерв тизимининг турли соҳаларига пастга ва юқорига йўналувчи таъсир кўрсатади. Бу таъсирлар, ўз биологик моҳиятига кўра, тормозловчи ёки қўзғатувчи хусусиятга эга. Ретикуляр формациянинг қўзғалишини бош мия катта ярим шарлари бошқаради.
Ретикуляр формациянинг пастга йўналувчи таъсир и. Ретикуляр формацияда орқа мия рефлектор фаолиятини тормозловчи ва енгиллаштирувчи соҳалар бор. Мия устуни турли соҳаларининг таъсирланиши билан орқа мия рефлексларининг ўзаро боғлиқлигини дастлаб И. М. Сеченов топган (1862). 1944-46 й. парда америкалик нейрофизиолог X. Мэгоун ўз ходимлари билан бирга узунчоқ мия Тўрсимон формацияси турли қисмларининг таъсирланиши орқа миянинг ҳаракат реакциясига енгиллаштирувчи ёки тормозловчи таъсир кўрсатишини аниқлаган. Ретикуляр формациянинг мушак тонусига таъсир этиш механизмларини швед олими Р.Гранит очиб берган. У аксонлари интрофузал мушак толаларига борадиган гамма-мотонейронлар фаоллигига ҳам ретикуляр формация таъсир этишини кўрсатади. Бу организмнинг фазода турли ҳолатда бўлиши ва турлича ҳаракатланишини бошқришда муҳим роль ўйнайди.
Ретикуляр формациянинг юқорига йўналувчи таъсири. Тўрсимон тузилманинг оралиқ миядан узунчоқ миягача бўлган турли қисмлари мия пўстлоғининг барча бўлимларига қўзғатувчи таъсир этади, яъни бош мия катта ярим шарларининг барна соҳаларини кўзғатиш жараёнига жалб этади. 1949 й. да италиялик физиолог Ж. Моруцци бош миянинг биоэлектрик фаоллигини тадқиқ қилиб, мия устуни ретикуляр формацияси таъсирланганда мидда уйқу вақтида кузатиладиган юқори вольтли секин синхрон тебранишларнинг тетиклик (уйғоқликка) хос бўлган паст амплитудали юқори частотали фаолликка ўтишини аниқлади. Бош мия электр фаоллининг бундай ўзгариши ҳайвонларда уйғониш белгиларига хосдир.
Ретикуляр формация анатомик жиҳатдан марказий нерв тизимидаги асосий ўтказувчи йўллар билан чамбарчас боғлик. Унинг қўзғалиши экстероцептив ва интероцептив афферент тизимлар ёрдамида амалга ошади. Шу сабабли кўпгина олимлар тўрсимон тузилмани бош миянинг носпецифик афферент тизими деб ҳисоблайдилар. Бироқ ретикуляр формация иштирокида юз берадиган реакцияларга кимёвий препаратлар танлаб таъсир кўрсатишининг кашф этилиши физиолог П. К. Анохинга ретикуляр формациянинг мия пўстлоғига кўрсатадиган юқорига йўналувчи таъсири специфик эканлиги ҳақидаги қонунларни таърифлашда ёрдам берди. Организмга юборилган наркотик моддалар ретикуляр формация нейронларини тормозлайди ва бунинг оқибатида уларнинг мия пўстлоғига кўрсатадиган юқорига йўналувчи (фаоллаштирувчи) таъсири йўқолади. Тўрсимон тузилма хусусиятлари, унинг бошқа пўстлоқ ости структуралари ва мия пўстлоғининг барча соҳалари билан ўзаро муносабати ўрганилиши оғриқ, уйқу ҳамда уйғоқлик ва бошқа(лар) нейрофизилогик механизмларни аниқлаш имконини берди. Ретикуляр формация тадқиқотда фармакологик моддаларнинг қўлланилиши марказий нерв тизимининг қатор касалликларини даволаш мумкинлигини кўрсатади. Бу эса эндиликда тиббиётнинг наркоз ва бошқа(лар) муҳим масалаларга янгича ёндашиш имконини беради.
[addtoany]