Склеродермия [склеро – қаттиқ ва дерма – тери] – терининг қотиб қолишидан иборат касаллик. Коллаген касалликлар гуруҳига хос. Склеродермиянинг чекланган (ўчоқли), диффуз (тарқалган), тизимли турлари бор. Ўчоқли склеродермия пилакча шаклида, йўл-йўл ва юзаки бўлиши мумкин. Пилакча шаклли склеродермияда терининг турли жойида қизғиш, думалоқ ёки узунчоқ доғлар юзага келади. Кейинчалик улар қотиб, тери сарғимтир тусга киради ва ундаги Туклар тўкилиб кетади. Бу даврда бемор ҳеч қандай оғриқ сезмайди. Бир неча ой ёки йилдан сўнг терининг қотган жойи атрофияланади. Йўл-йўл склеродермияда юз ва қўл-оёқ териси зарарланади. Кўпроқ болаларда учрайди. Юзаки склеродермия аёлларда кўп кузатилади, бунда кўкрак, орқа ва жинсий аъзолар терисида майда, қаттиқ, кўкиш-оқ доғлар пайдо бўлиб, кейин тери юзаки атрофияга учрайди. Тарқалган склеродермияда юз, Қўл-оёқ, тана ва бошқа(лар) териси шишиб, қаттиқлашади, атрофияланади. Беморнинг юзи мумдек котиб туради, бармоқлари ҳаракатланмайди. Тизимли С. (тизимли авж олувчи склероз)да организмнинг барча бириктирувчи тўқималари ва майда томирларда склеротик ўзгаришлар юз беради. Касаликка тез-тез совқотиш, жисмоний, руҳий шикастланиш ва бошқа(лар) сабаб бўлади. Организм бириктирувчи тўқималари микроциркуляцияси ва фаолиятининг ўзгариши касалликнинг авж олишига имкон беради. Касаллик секин-аста, қўл-оёқ томирларининг спазми, умумий ҳаракатнинг чекланиши, бўғимларнинг оғриши ва терининг зарарланиши билан бошланади. Касаллик оралиқ тўқима ва ички аъзолар томирларига ўтганда, ўпка, юрак ва ҳ. к. фаолияти бузилади.
Давоси. Кортикостероидлар, томир кегайтирувчи моддалар, физиотерапия, шунингдек, санаторийларда даволаниш буюрилади.
[addtoany]