Спондилит – умуртқа поғонасининг сурункали яллиғланиши. Кўпинча, сил касаллиги сабаб бўлади. Захм, актиномикоз, стафилококк инфекцияси (умуртқа поғонасининг ўткир ва сурункали остеомиелити), ревматизмга алоқадор артрит ва бошқа(лар) касалликларда спондилит камроқ учрайди.
Сил спондилит ида умуртқа поғонасининг кўкрак бўлимида, захм спондилит ида бўйин бўлимида, ревматизмга алоқадор С. да бел ва кўкрак бўлимларида ўзгариш рўй беради. Сил С. и аксари 10 ёшгача бўлган болаларда, захм С. и 40-50 ёшларда, ревматизмга алоқадор С. 20-30 ёшларда бошланади. Касаллик, одатда, аста-секин, бморга билинмасдан ривожланади.
Спондилитда умуртқалар танаси емирилиб, умуртқа поғонасининг шакли ўзгаради. Умуртқа поғонасининг бурчак ҳосил қилиб қийшайиши – букрилик С. нинг энг тавсифловчи белгисидир. Умурткалар танаси бир текис емирилганда ён томонга қийшайиш (сколиоз) рўй бериб, кўпроқ умуртқа поғонасининг бел бўлимида кузатилади.
Спондилитда умуртқа поғонаси ва уни ўраб турган мушаклардаги тинимсиз кучли оғриқ умумий сил интоксикацияси белгилари: ланжлик, ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши ва ориклаб кетиш билан бирга кечади. Касаллик оғирлашганда умуртқа поғонасининг шакли ўзгаради (букрилик), кўпинча, уни ўраб турган тўқималарда оқма яралар пайдо бўлиб, орқа миянинг зарарланиши кузатилади. Жараён сўнгандан кейин оғриқ йўқолади, беморнинг умумий аҳволи яхшиланади. Бироқ буни соғайиш деб бўлмайди. Одатда, инфекциянинг «яширин» ўчоклари бўлиб, улар касалликнинг кайталанишига олиб келиши мумкин.
Спондилитга клиник-лаб. ва рентгенологик текширувлар асосида диагноз қўйилади. Бемор атибактериал препаратлар, ортопедик усуллар (гипс каравот, корсет ва умуртқа поғонасини фиксация қилишнинг бошқа усуллари) билан, шунингдек, санаторий-курортда даволанади. Баъзан операция қилишга тўғри келади.
[addtoany]