Стоматология

Стоматология [юн. stomatos – оғиз ва ..логия – клиник тиббиётнинг бир соҳаси; оғиз бўшлиғи аъзолари: тил, лаб, лунж, оғиз шиллиқ пардалари ҳамда юз-жағ тизими ва унга ёндош соҳа касалликларини, уларни келтириб чиқарадиган сабабларни ва мазкур касалликларнинг олдини олиш усулларини ўрганади.

Оғиз бўшлиғи аъзолари касалликлари Гипократ, Ибн Сино, Гален, Цельс ва бошқа(лар) олимлар томонидан тавсифланган. Ибн Сино асарларида илк бор тишлар қамашиши ва оғрикларнинг табиати баён этилиб, шундай ҳолларда нималардан фойдаланиш кўрсатилган.

14-а. да француз шифокори Гиде Шолак тиш суғурадиган асбоб ихтиро қилди. 1а. охирида итальян шифокори Ж. Д. Аркале тишни олтин, қўрғошин ва қалай фолгаси билан пломбалаш мумкинлигини кўрсатади. 17-18-а. ларга келиб стоматология клиник тиббиётнинг мустақил соҳасига айланди. 19-а. да тишни пломбалаш ва ясама тишлар тайёрлаш техникаси пухта ишлаб чиқилди. 19-а. охири-20-а. нинг 1-ярмда физиология, анатомия, патология, биокимё ва бошқа(лар) фанларнинг тараққиёти стоматологик касалликлар этиологияси, патогенези, даволаш чоралари ва профилактика тадбирларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистонда стоматология фани 1954 й. дан шаклланди, шу йили ТошТИда стоматология ф-ти очилди. 1956 й. да махсус стоматологик кафедралар ташкил этилди. Кейинчалик бундай кафедралар Самарқанд, Андижон тиббиёт ин-тларида, Тошкент врачлар малакасини ошириш ин-тда ҳам очилди, 1994 й. Бухоро тиббиёт ин-ти ташкил этилиб, унинг таркибида стоматология факультетининг очилиши стоматология фанининг янада равнақ топишига замин яратди.

2014 й. Тошкент тиббиёт академияси стоматология ф-ти негизида Тошкент стоматология институти ташкил этилди.

Ўзбекистонда стоматология фани ривожига А. Г. Ғломов, М. В. Парадоксов, A. Т. Бусигин, М. В. Бусигина, шунингдек, В. А. Епишев, С. А. Зфаров, М. М. Мирёқубов, Э. У. Маҳкамов, Т. X. Сафаров, М. В. Бегметов ва бошқа(лар) катта ҳисса қўшганлар.

Ҳоз. замон стоматология фани терапевтик, хирургик, ортопедик, болалар стоматология каби бўлимларни ўз ичига олади. Терапевтик стоматология тиш (кариес, пульпит, периодонтит, нокариес хасталиклар) ҳамда оғиз шиллиқ қавати, лаб, тил касалликлари диагностикаси, Давоси ва профилактикаси билан шуғулланади. Хирургик стоматология тиш олишдан ташқари юз-жағ ва унга қўшни соҳалардаги яллиғланишлар, ўсмалар, шикастланишлар, туғма ва орттирилган нуқсонларни ўрганади, оғиз бўшлиғи ва юз-жағ операциялари, пластик операцияларни амалга оширади. Ортопедик стоматология ортопедик ва ортодонтик усуллар билан бирламчи ва иккиламчи тишлар қатори ҳамда туғма ва орттирилган тишлар нуқсонларини даволайди, ясама тишлар билан тиш қатори нуқсонларини тиклайди. Болалар стоматологияси бола ривожланишининг турли даврларида ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда терапевтик, жарроҳлик, ортопедик-стоматологик ёрдам кўрсатади. Шу билан бирга, стоматологик касалликларнинг комплекс профилактикаси чора-тадбирларини ишлаб чиқади.

Стоматологик касалликларни даволашда турли дори-дармонлар, лазер ва инфрақизил нур, ультратовуш, физиотерапия усуллари ва ҳ. к. дан фойдаланилади.

[addtoany]