Трихофития [юн. trichos – қил, соч ва phyton – ўсимлик], кирма темиратки (мойхўрак) – замбуруғлар қўзғатадиган юқумли касаллик. Трихофитияни паразит замбуруғларнинг бир неча тури кўзғатади. Улардан айримлари фақат Одамда паразитлик қилиб, трихофитиянинг юзаки шаклини келтириб чиқаради. Бошқалари, асосан, ҳайвонлар (сичқон, каламуш, сигир, от, кўй ва бошқа(лар))да паразитлик қилади; трихофития билан зарарланган одамларда унинг чуқур шакли пайдо бўлади.
Юзаки трихофития билан, асосан, болалар, айрим ҳолларда катталар, айниқса, аёллар касалланади. Бунда тери ва бошнинг сочли қисми, камроқ соқол ва мўйлов касалланади. Касаллик соғлом одамга бемордан ёки унинг буюмлари (бош кийим, тароқ ва бошқа(лар))дан ўтади. Замбуруғ тушган терида 5-7 кундан сўнг думалоқ қизил яллиғланган доғ пайдо бўлиб, тезда катталашади ва кипикланади. Бошнинг сочли қисмидаги замбуруғлар теридан тезда сочга ўтади. Соч толаларининг туси ўзгаради, мўртлашади, зарарланган жойдаги толалар тўкилиб кетади, тирноқлар ҳам зарарланади.
Чуқур трихофитияда одам бадани ва бошнинг сочли қисмида, соқол, мўйловларда йирингли яра (қ. Абсцесс) пайдо бўлади. Улар оғриб, беморнинг умумий аҳволи ёмонлашади, баъзан ҳарорати кўтарилади. Агар вақтида даволанмаса, соч тўкилиб кетади. Трихофитиянинг чуқур шакли, кўпинча, сут сотувчилар ва чўпонларда кузатилади. Ҳоз. жинсий йўл билан юқадиган қов соҳа Т. си ҳам аниқланган. Трихофития билан оғриган бемор касалхонада даволанади. Тери Т. си қисқа вақт ичида тузалиб кетади. Соч ва тирноқ Т. си узоқ даволанишни тақозо этади.
Чуқур Т. нинг олдини олиш учун сичқон ва каламушларга қарши кураш олиб борилади.
[addtoany]