Вирусли гепатит – ўткир юқумли касаллик; жигар ҳужайраларининг зарарланиши, умумий интоксикация белгилари, тери ва шиллиқ қаватларнинг сарғайиши, пешобнинг тўқ сариқ ёки «пиво»га ўхшаш, нажаснинг оқимтир тусга (гилвата рангига) кириши, жигар, баъзан талоқнинг ҳам катталашиши билан ифодаланади. Вирусли гепатит деганда бир-бирига ўхшаш олти хил гепатит тушунилади, булар A, В, С, D, E, G вируслари қўзғатадиган касалликладир. Улар юқишига қараб оғиз орқали (A, Е) ва парентерал йўл билан юқадиган (В, С, D, G) хилларга ажратилади. А ва Е вирусли гептитларда вируслар беморнинг ахлати орқали ташқарига чиқади. Шу боис ахлат, сув, озиовқат маҳсулотлари, бемор фойдаланган буюм ва нарсалардан ифлосланиш жуда хавфли ҳисобланади. Парентерал йўл билан юқадиган вирусли гепатитлар шприц, игна ва бошқа(лар) тиббий асбоблани етарли зарарсизлантирмаслик оқибатида, шунингдек, қон ва қон препаратлари куйиш ҳамда турли тиббий муолажалар (гинекологик, стоматологик ва бошқа(лар)) вақтида юқиши мумкин. Вирусли гепатитлар даврий кечиши билан характерланади, унинг яширин, бошланғич, авж олган, орқага қайтиш ва соғайиш даврлари ажратилади. Касалликнинг яширин даври унинг турига қараб ҳар хил: А ва Е вирусли гепатитларда 7 кундан 60 кунгача, парентерал йўл билан юқадиган хиларида 2 ҳафтадан б ойгача, баъзан 1 йилгача давом этиши мумкин. Вирусли гепатитлар енгил, ўрта ва оғир, шунингдек, асоратсиз ва асоратли, ўткир, сурункали ҳамда вақт-вақти билан қайталаниб турадиган шаклларда кечади; баъзан аралаш хиллари ҳам кузатилади. Ҳомиладор аёллар ва болаларда касаллик оғирроқ кечади. Вирусли гепатит ланинг шакли-шамойили турлича: гриппга ўхшаш, диспептик, астеновегетатив, артралгик аломатлар, аралаш синдромлар билан ҳамда лтент (клиник белгисиз). Касаллик гриппга ўхшаб бошланганда бемор тўсатдан қалтирайди, эти увишади, боши оғрийди, ҳарорати кўтарилади, аъзойи бадани қақшайди, йўталади ва ҳ. к. Диспептик аломатлар билан бошланганида бемор кўнгли айниб қусади, меъда соҳасида бироз оғриқ бўлади, баъзан ичи кетади; унинг мдори қуриб, иштаҳаси пасаяди, ўнг қовурғаси остида оғриқ пайдо бўлади. Астеновегегатив аломатлар билан бошланганда беморнинг боши айланади, оғрийди, кўп терлайди, ўта инжиқ, йиғлоқи бўлиб қолади. Вирусли гепатит ларнинг бошланғич даври қандай синдром билан кечишидан қатьи назар, шу касалликка хос 3 белги кузатилади: 1) сийдикнинг пиво рангида бўлиши; 2) ахлат рангининг оқариши; 3) кўпчилик (деярли 90 %) ҳолларда жигарнинг катталашиши.
Касалликнинг «сариқлик даври» ҳам ўзига хос тарзда кечади. Кўз оқи сарғайиши билан вирусли гепатитнинг авж олган даври бошланади; А шаклида бемор сарғайиши билан унинг аҳволи анча енгиллашиб тузалинкирайди. Парентерал йўл билан юқадиган вирусли гепатит ларда, оғиз орқали юқадганларига нисбатан сариқлик даври узоқроқ чўзилади, бемор тезда тузалавермайди, дармни қурийди, кўнгли айнийди, баъзи ҳолларда бадани қичийди (холестатик хили). Вирусли гепатит ларнинг хилига қараб унинг клиник аломатлари турлича намоён бўлиши мумкин: сариқсиз ўтадиган шаклида пигмент алмашинуви бузилмаганлиги сабабли бемор сарғаймади, сийдиги ва аҳлатининг ранги ўзгармайди, қонда билирубин миқдори меъёрида бўлади. Билинар-билинмас белгилар билан ўтадиган шакли да беморнинг кўзи қисқа муддат сал сарғаяди, билирубин миқдори ҳам тезда ўз аёлига келади. Субклиник шаклида клиник белгилар деярли кузатилмайди, уни фақат лаб. текширувларидан билиш мумкин. Вирусли гепатитнинг вирус ташиб юрувчилик шакли анча мураккаб, у яширин ҳолда кечиб, бора-бора сурункали тус олади. Касалликнинг сурункали хили анча оғир асоратларга (ўткир жигар энцефалопатияси, геморрагик, шиш-ацитик синдром ва бошқа(лар)) сабаб бўлиши мумкин.
Вирусли гепатит ташхиси (диагнози), асосан, бемордан олинган маълумотлар, касалликка хос аломатлар, қон таҳлили ва бошқа(лар) асосида қўйилади. Вирусли гепатитнинг бошланғич даври диспептик, катарал ва сохта ревматоид синдромларда кузатиладиган белгиларга ўхшаб кетганлиги боис, уни ана шу касалликлардан фарқлай билиш лозим.
Вирусли гепатит ларнинг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига бекаму кўст амал қилиш, касалликни ўз вақтида аниқлаб, беморни касалхонага ётқизиш ва у билан яқин бўлганларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда у тутган идиш-товок ва буюмларни дезинфекция қилиш муҳим. Касалхонадан чиққан беморлар маълум муддат диспансер назоратида бўлишлари лозим. Касалликнинг олдини олиш мақсадида А ва В гепатитларга қарши вакцинация қилинади (эмланади). У янги туғилган чақалоқларга, 2-марта эса 1 ойлигида тери остига юборилади. Ревакцинация бола б ойлигида ўтказилади. Эмлаш натижасида 95 % болаларда касалликка қарши иммунитет пайдо бўлади; эпидемиологик жараёнларга қараб катталарга ҳам вакцина юборилади, у биринчи бор қилингандан кейин орадан 1 ой ва б ой ўтгач қайта эмланади. Эмлаш натижасида иммунитет пайдо бўлиб, у 15-20 й. гача сақланади ва касаллик тарқалшининг олдини олади, вирус ташувчилик ҳимояланади.
Олдини олиш мақсадида болаларга гаммаглобулин (нормал иммуноглобулин)дан укол қилинади.
Даволаш, асосан, беморнинг умумий аҳволи ва касалликнинг клиник белгиларига қараб олиб борилади; енгилроқ хилида деярли дори-дармонлар берилмайди, кун тартиби ва парҳезга (қ. Парҳез билан даволаш) риоя қилиш тавсия этилади. Касалликнинг бошқа шаклларида хам парҳез ва кун тартибига амал қилишдан ташқари, глюкоза, витаминлар, тузли эритмалар, қон ҳамда плазма ва қон ўрнини босувчи суюқликлар, зарур ҳолларда гормонлар, антибиотиклар ва ҳ. к. буюрилади. Беморга витаминлар, карбонсувлар, оқсилга бой овқатлар, шунингдек, турли мева шарбатлари берилади.
[addtoany]