Атеросклероз

Атеросклероз [юн. athera – бўтқа ва склероз] – ёғсимон модда (липоид)лар алмашинуви бузилиб, уларнинг артерия ички каватида тўпланиши ва бириктирувчи тўқиманинг ўсиб кетиши натижасида келиб чиқадиган сурункали касаллик. Атеросклероз қон айланишининг умумий ва маҳаллий бузилиши билан бирга кечади. Артерия девори тўқимаси ҳужайраларидаги ўзгаришлар, уларда кечадиган биокимёвий жараёнлардаги бузилишлар касаллик пайдо бўлиши ва ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Артериялар деворининг айрим соҳаларида фиброз тўқима ривожланиши, шу соҳаларда холестерин ва бошқа(лар) моддалар йиғилиши атеросклероз пайдо бўлишига олиб келади. Бу артериал қон босимининг кўтарилиши ёки артериал гипертензияга (қ. Қон босими) бевосита боғлик. Атеросклероз авж олишига сабаб бўладиган касалликлардан бири қандли диабетдир. Бундай беморлар шифокорнинг доимий кузтуви остида бўлишлари лозим. Бу касалликка мойиллик кейинги авлод вакилларининг маълум бир қисми орасида ирсий йўл билан ўтади; ота-онси атеросклероз билан оғриган шахслар ирсий мойилликка йўл қўймаслик учун унинг олдини олиш чораларини кўришлари зарур. Атеросклерозда барча артерияларнинг умумий зарарланиши кам учрайди. Асосан, бош мия, юрак, буйрак ва оёқ томирлари зарарланади. Бош мия томирларида атросклеротик ўзгаришлар авжига чиққанда қон айланишининг ўткир бузилиши – инсульт рўй бериши мумкин.

Юрак мушагини қон билан таъминлайдиган Томирлар атеросклерози тож Томирлар етишмовчилгининг юзага келишига сабаб бўлади. Бундай етишмовчилик оқибатида стенокардия, миокард инфаркти ва Юракнинг бошқа касалликлари ривожланиши мумкин. Оёқ артериялари склерозида оёқлар бўшашади, болдир мушаклари оғрийди ва тортишади, юришда ўзгариш кузатилади. Атеросклерознинг олдини олиш учун артериялар деворининг бутунлигини сақлаш ва уларда холестерин йиғилишига йўл қўймаслик мақсадида беморнинг ҳаёт тарзига доир шифокор маслаҳатлари ва тавсияларини бажариш керак.

[addtoany]