Бепуштлик

Бепуштлик, туғмаслик, туғдира олмаслик – вояга етган организмнинг насл (авлод) қолдиришга ожизлиги. Бир маромда (нормал) жинсий ҳаёт кечириб, бўйида бўлишдан сақланиш воситалари (контрацепиия) дан фойдаланмай, камида 2 йил бирга туриб фарзанд кўрмаслик бепуштлик ҳисобланади. Бепуштлик эркакларда ҳам, аёлларда ҳам учрайди. Эркаклардаги бепуштлик – туғдира олмасликка жинсий аъзоларнинг туғма нуқсони (қ. Крипторхизм), яллиғланиш касалликлари ёки уларнинг шикастланиши (қ. Орхит, Эпидидимит), жинсий майлнинг сустлиги, шунингдек, эндокрин тизим фаолиятининг ўзгариши, уруғ суюқлиги (сперма)да сперматозоидлар (жинсий ҳужайралар) бўлмаслиги ёки уларнинг уруғлантира олиш хусусиятининг йўқлиги сабаб бўлади.

Аёллардаги бепуштлик – туғмаслик ка бачадон, тухум йўллари, тухумдон ва найларнинг яллиғланиши, сўзак, жинсий аъзолар сили; ички секреция безлари (тухумдон, калқонсмон без, буйрак усти бези ва бошқалар) фаолиятининг бузилиши, балоғатга етиш даврида инфекцион касалликлар билан оғриш натижасида марказий нерв тизимида рўй берган жиддий ўзгаришлар, жинсий аъзоларнинг етилмай қолиши – инфантилизм сабаб бўлиши мумкин. Яллиғланиши туфайли бачадон найларининг битиб қолиши, тешигининг жуда торайиб кетиши сабабли аёл тухум ҳужайраси эркак жинсий ҳужайраси (сперматозоид) билан учраша ва уруғлана олмайди ёки уруғланган тухум ҳужайранинг бачадонга ўтиши қийинлашади. Бу касаликкда эр-хотин тиббий кўрикдан ўтказилади. Бепуштликни иложи борича барвақт аниқлаб, сабаблари бартараф қилинса, яхши натижага эришиш мумкин. Бепуштликни шифокор даволайди. Яллиғланиш жараёни билан боғлиқ бўлган Б. да физиотерапия ва курортларда даволаниш, айниқса, муҳим. Эндокрин тизимидаги ўзгаришлар туфайли Б. рўй берганда физиотерапия, курортларда даволаниш билан бирга гормонал дори-дармонлар ҳам буюрилади. Бепуштликнинг олдини олишда жинсий аъзоларнинг яллиғланиш касалликларини ўз вақтида аниқлаб даволаш, абортга йўл қўймаслик, шахсий ва жинсий озодалик тартибларига қатъий амал қилиш лозим.

Загрузка...