Болалар фалажи – нерв тизимининг турли зарарланишлари оқибатида рўй берадиган ва рефлектор-ҳаракат фаолиятининг, баъзан руҳият ва нутқнинг бузилиши билан кечадиган касалликлар гуруҳи. Бош миянинг спастик (цребрал) фалажи ва периферик нервлар зараланишидан келиб чиқадиган (шалвиратувчи) фалажликдан фарқ қилади. Болалар спастик фалажи, кўпинча, қўл, оёқ ва тана мушаклари фалажи, ақлий ривожланишнинг секинлашуви, тутқаноқ тутиши, гиперкинез (ихтиёрсиз ҳаракатлар пайдо бўлиши), зарарланган қўл-оёқларда трофик ўзгаришлар рўй бериши кўринишида намоён бўлади. Кўкйўтал, дифтерия, қизамиқ, грипп ва бошқа(лар) юқумли касалликлар энцефалит билан асоратланганда спастик фалаж кузатилиши мумкин. Туғруқ оғир кечганда, туғруқ вақтида бола калласи шикастланганда ва бошқа(лар) ҳолларда, кўпинча, спастик фалаж келиб чиқади. Боланинг чала ёки бўғилиб туғилиши, миясига қон қўйилиши оқибатида ҳам спастик фалаж рўй бериши мумкин. Буни биринчи бўлиб инглиз шифокори У. Литл тавсиф этгани учун Литл касаллиги деб ҳам юритилади. Бундай фалаж оғир кечганида, бола туғилганда кимирламайди, оёқлари бир текис таранг туради, маълум вақтдан кейин мушаклари тортишиб оёқлари чалишади, бола ўтира ёки юра олмайди; бора-бора унинг аҳволи бироз яхшиланиши мумкин. Фалаж енгил бўлса, бола ўсгани сари аҳволи енгиллашади, кеч ўтиради, кеч юради, қўлларини тузук ишлата олмайди. Мушаклар ўта таранглиги туфайли бола юрганда оёқлари чалишади, сонлари ичкарига буралиб, тиззалари бир-бирига тақалиб туради, у фақат оёқ учида майда қадам ташлаб юради. Бола ҳаяжонланганда, бехосдан қаттиқ товуш эшиганда ва бошқа(лар)да мушаклар тортишуви кучаяди, ихтиёрий ҳаракатлар қийинлашади ва ақлий ривожланиши кечикади. Беморни фақат шифокор даволайди, касалликнинг барча шаклларда мутахассисга ўз вақтида мурожаат этиш ва унинг тавсиясига биноан даволаниш зарур.
[addtoany]