Буйрак тош касаллиги, нефролтиаз – буйрак ва сийдик йўлларида тош (конкремент) ҳосил бўлиши билан кечадиган касаллик. Бир ёки икки томонлама бўлади. Болаларга нисбатан катталар орасида кўпроқ учрайди. Организмда витаминлар етишмаслиги, камқонлик, оқсиллар танқислиги, меъда-ичак касалликлари, қалқонсимон без ёнидаги безчалар фаолиятининг кучайиши, пиелонефрит, буйракдан сийдик оқими қийинлик билан ўтадиган бошқа касалликлар оқибатида моддалар алмашинувининг бузилиши сабаб бўлади. Ирсий омилларнинг ҳам аҳамияти бор. Касаллик асосида оқсил ўлаксаси атрофига сийдикда қийин эрийдиган туз кристаллари ёпишиб, микролилар ҳосил қилиши ётади; улар аста-секин катталашиб, тошларга айланади (масалан, урат кислота тузларидан уратлар, кальций оксалатдан эса оксалат тошлари ва ҳ. к.). Тош ўлчамлари катталаша бориб, буйрак косачаси ёки жойига тикилиб, сийдик димланиши рўй берганда, ўзига хос клиник манзара кузатилади. Белнинг ўнг ёки чап тарафида қаттиқ санчиқ пайдо бўлиб (қ. Буйрак санчиғи), у жинсий аъзоларга, соннинг олд юзасига тарқалади. Санчиқ бир неча минутдан бир неча соатгача давом этади. Баъзан оғриқ суст бўлиб, жисмоний иш қилганда, сакраганда, транспорт силкитганида, тош жойидан силжиб, сийдик найига ёки қовуққа ўтганида оғриқ кучайиши ва бунда микрогматурия макрогематурияга айланиши мумкин. Болалар серхархаша бўлиб, безовталанади, корни ёки киндик атрофини кўрсатиб, чинқриб йиғлайди, сийдикда лейкоцит ва эритроцитлар бўлади.
Ултратовуш (УТТ) ёки рентген текшрувларига асосланиб ташхис қўйилади. Тонинг ўлчами сийдик найидан чиқа олиш даражасида бўлса, уни эритувчи дорилар, гиёҳлар ва парҳез ёрдамида даволанади. Литотриптор ёрдамида тошни майдалаб, сийдик йўлларидан чиқариб юбориш тобора кўп қўлланилмоқца. Зарурий ҳолларда жарроҳлик усулида тош буйракдан олиб ташланади.