Дизентерия

Дизентерия [диз… ва юн. enteron – ичак], ичбуруғ – йўғон ичакнинг зарарланиши (бот-бот ич кетиши ва қориннинг бураб оғриши) ва организмнинг заҳарланиши (бўшашиш, ҳолдан тойиш, бош оғриғи, ҳарорат кўтарилиши, кўнгил айниши, баъзан қайт қилиш) билан кечадиган ўткир инфекцион касаллик. Бутун ер юзида учрайди. Одамларда учрайдиган дизентерия кўзғатувчисининг турига қараб, бактериал дизентерия билан амёбиаз фарқ қилинади.

Бактериал дизентерия микроблари таёкчасимон бўлиб, бир неча тури бор; бу турларни кашф этган олимлар номи билан Григорьев-Шига, Шмитц-Штуцер, Флекснер, Зонне ва ҳ. к. батериялари деб аталади. Григорьев-Шига батериялари бошқа бактериялардан фарқ қилиб, кучли токсин чиқаради (бу микроб қўзғатган касаллик оғирроқ ўтади). Флекснер ва Зонне бактериялари қўзғатган ҳоллар кўпроқ кузатилади (улар қўзғатган касаллик енгилроқ ўтади); Шмитц-Штуцер бактериялари жуда кам учрайди.

Дизентерия бактериялари бемор ахлати билан ташқи муҳитга чиқади. Касалликдан соғайган баъзи кишилар ҳам дизентерия бактерияларини узоқ вақт чиқариб туради. Беморни парвариш қилаётган кишилар, шунингдек, бактерия ташувчиларнинг ювуқсиз қўли ва пашша орқали бактерия микроблари сув, мева, сабзавот, сут ва овқатга ўтиши мумкин. Уларда дизентерия микроблари бир неча кундан 2-3 ойгача сақланг олади. Соғлом одам касаллик бактериялари билан ифлосланган сув, мева, сабзавот, овқатни истеъмол қилганда касаллик юқади.

Озодалик қоидаларига риоя килмаслик (ҳожатхона, ошхоналарнинг ифлос бўлиши, пашшани йўқотмаслик, қўлни тозалаб ичмаслик ва ш. к.) дизентериянинг тарқалишига сабаб бўлади. Дизентерия йил бўйи учраб туради, аммо иссиқ фаслда (июнь – окт.) пашша кўпайиши, сув кўп ичилиши, мева-сабзавотни ювмай ёйиш натижасида дизентерия билан касалланиш кўпаяди. Дизентерияга ҳамма мойил, лекин ёш болалар, кексалар ва нимжон кишиларда кўпроқ кузатилади. Дизентерия бактериялари йўғон ичакда кўпаяди ва, айни вақтда, ичакни яллиғлантириб, бутун организмда моддалар алмашинувига путур етказади. Уларнинг йўғон ичакда ҳосил қиладиган заҳари (токсини) ичак шиллиқ пардасига ўзига хос таъсир кўрсатади (яллиғлантирган, яра ҳосил қилади ва ҳ. к.), бутун организмни заҳарлайди (интоксикация).

Касаллик юккач, 3-4 кунлик яширин (инкубацион) даврдан кейин қорин бураб оғрийди, тез-тез ич кетади. Аввал ич суюқ келиб, кейин қон билан шилимшиқ аралаш (ялкуғ) бўлади. Бир кеча-кундузда 10-15 мартагача ҳожатхнага бориш дизентерияга хос белгидир. Бемор ҳарорати касалликнинг фақат дастлабки кунларида сагина кўтарилади. Қорин дапқир-дапқир бураб оғрийди, тўғри ичак тортишиб-кисқариб оғртади (тенезм), айни вақтда, тез-тез ич келиши, сохта «ҳожат бўлиши» беморнинг аҳволини оғирлаштиради. Ич кетиши туфайли кўп суюқлик йўқолиши натижасида бемор тез озди, кўзи киртайиб қолади, териси кўришади, қўл-оёғи совқотади, иштаҳаси йўқолади, қаттиқ чанқайди. Умумий аҳволи мушкуллашади.

Касаллик асоратсиз ўтганда 6-7-куни ич кетиши камаяди, ахлатда ялкуғ йўқолади, қорин оғриғи босилади, бемор иштаҳага киради. Дизентерия бир неча кундан (енгил хили) 3-4 ҳафтагача давом этади. Касаллик кўзиши (кайталаниши) ҳам мумкин. Асосан, ёш болалар билан кемаларда дизентерия оғир ўтади. Авитаминоз, нимжонлик, ўта чарчаш ва шу кабилар. Касалликнинг чўзилишига (сурункали дизентерия га) сабаб бўлади. Касалликнинг бу хили ойлаб чўзилади, вақт-вакти билан зўрайиб туради. У сўнгги йилларда кам учрамоқда. Сурункали Д. билан оғриган беморлардан теварак-атрофдагларга касаллик юқиши мумкин. Ёш болаларда Д. ўзига хос ўтади: ичакнинг яллиғланишидан кўра умумий интоксикация яққол кўзга ташланади. Юқорида айтилган белгилардан ташқари, ахлатни лаб. да текшириш, йўғон ичак пастки қисмининг шиллиқ қаватини кўздан кечириш (колонофиброскопия, ректороманоскопия) ва бактериологик текшириш асосида Д. аниқланади. Бемор касалхонада даволангани маъқул. Дизентерия билан оғриб ўтган кишида қоладиган иммунитет узоқ давом этмайди. Дизентерияни даволашда дорилардан ташқари, парҳезнинг аҳамияти бор.

Дизентериянинг олдини олиш учун аҳоли яшайдиган жойларни тоза тутиш, озиқ-овқат корхоналари, сув тармоқлари устидан санитария назоратини кучайтириш, пашшани йўқотиш, шахсий гигиена қоидаларига жиддий риоя қилиш, мева-сабзавотни тоза сувга обдан ювиб ёйиш керак ва қ. к. Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларида, тоза ичимлик сув билан таъминлаш нафақат Д., балки барча ўткир ичак касалликларининг олдини олишда муҳим ижтимоий тадбир ҳисобланади. Болаларни ёшлигидан пкизаликка одатлантириш лозим.

Касаллик бемордан атрофидагиларга осон юқиши, Григорьев-Шига бактериялари қўзғатадиган Д. оғир кечишини эътиборга олиб, беморни иложи борича касалхонага ётқизиб даволаган маъқул.

[addtoany]