Ич кетиши

Ич кетиши, ич суриши, диарея – тез-тез ич келиши билан кечадиган ичак касаллиги, ичак шиллиқ қаватининг яллиғланиши, ичакнинг ҳаракати, озиқ моддаларни сўриш ва шира чиқариш фаолиятлари бузилиши натижасида келиб чиқади. Ич кетишига, кўпинча, ингичка ёки йўғон ичакдаги яллиғланиш (колит) жараёнлари сабаб бўлади. Меъда ва меъда ости бези фаолиятининг бузилиши (ахилия, панкреатит), авитаминозлар, сурункали заҳарланишлар, нерв бошқарилишининг издан чиқиши ва бошқа(лар) ҳам ич кетишига сабаб бўлиши мумкин. Ичак перистальтикаси (ҳаракати) кучайганда ич сюлиб, тез-тез келади, чунки ичакдаги суюқлик тез ҳаракатланади ва қонга сўрилиб улгурмайди. Киши ҳаддан ташқари ҳаяжонланганда ёки қўркканда, шунингдек, ичак перистальтикасни кучайтирадиган овқат (сабзавот, ҳўл мева, кепакли нон ва ҳ. к.) кўп ейилганда ич кетади. Баъзан меъдада овқат етарли ҳазм бўлмаганда, масалан, меъда ости бези ва жигарнинг секрет (шира, ўт) и. ч. фаолияти бузилганда овқат тузук ҳазм бўлмай, ич суриши мумкин.

Турли Микроорганизмлар (масалан, дизентерия, хеликобактер пилори, ичак таёкчалари микроблари) ва уларнинг токсинлари (заҳарлри) таъсирида ичаклар, айниқса, ингичка ичак шиллиқ пардаси яллиғланиб, кўпинча, ич кетишига сабаб бўлади (қ. Энтерит). Бу ҳолат алоҳида касаллик бўлмай, дизентерия, овқатдан бўладиган токсикоинфекциялар, ич терлама, паратиф, вабо, сурункали ичак яллиғланиши (сурункали энтероколит, колит) каби бир қатор касалликлар белгисидир. Шу боис ич кетганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Ичак яллиғланганда гоҳ бижғиш (ачиш), гоҳ чириш (сасиш) жараёни кучаяди, масалан, ингичка ичак яллиғланганда бижгиш, йўғон ичак яллиғланганда чириш устун бўлади. Ич кетишининг Давоси ва парҳези ҳам шунга қараб белгиланади.

Маргимуш, симоб, кислота, ишқор каблардан заҳарланишда, шунингдек, баъзи сабабларга кўра организмда ҳосил бўлиб, унда ушланиб қолган эндоген токсинлардан заҳарланишда ич кетиши мумкин (масалан, уремияда ич кетиши) Гижжалар ҳам ичакни яллиғлантириб, ич суриши мумкин (болалардаги ич кетиши ҳақида қ. Болалар диспепсияси).

Ич кетишини тўғри даволаш учун унинг сабабларини билиш ва уларни бартараф қилиш керак. Касалликнинг хилига ва сабабига қараб парҳез қилишнинг аҳамияти катта. Масалан, ичакда бижғиш жараёни устун бўлса, карбонсувли овқатлар (масалан, хамир овқат, ширинлик) чекланиб, асосан, оқсилли овқат (творог, тухум, гўшт ёки балиқ) буюрилади, чириш жараёни устун бўлса, оқсилли овқат (айниқса, гўшт, тухум) ўрнига карбонсувли овқат (ширинлик, пишириб эзилган сабзавот), ҳўл мева, шовла, ширгуруч, ширқовоқ ва ш. к. овқатлар буюрилади. Дорилар ва парҳез ҳақида врачдан маслаҳат олиш керак.

Олдини олиш. Тартиб билан тўғри овқатланиш (овқатни ҳар куни маълум соатларда, шошмасдан, меъёрида ёйиш), озиқ-овқатни бузилиши ва айнишидан сақлаш, овқатни яхшилаб пишириш муҳим. Ҳаяжонланиш, кўришдан келиб чиқадиган (невроген) ич кетишининг олдини олиш учун нерв тизимини чиниктириш керак. Меъда фаолиятининг бузилишидан келиб чиқадиган ич кетишининг олдини олиш учун меъда касалликларини даволатиш ва олдини олиш зарур. Қўл, идиш-товоқни тоза тутиш, оғриган тишни ўз вақтида даволатиш каби шахсий профилактика чоралари кўрилади.

[addtoany]