Инсульт

Инсульт [лот. insulto – човут солмоқ, ҳужум қилмоқ] – бош мияда қон айланишнинг тўсатдан бузилиб, мия тўқимасининг зарарланиши ва фаолиятининг издан чиқиши; мияга қон қўйилиши. Гипертония касаллиги, мия томирлари атеросклерози, аневризма, вакулит ва бошқа(лар) бир қанча касалликлар инсультга сабаб бўла олади.

Геморрагик ва ишемик инсульт фарқ қилинади. Геморрагик инсульт ёки апоплексияда мияга қон қўйилади. Гарчи инсульт кўпчилик одамларда тўсатдан пайдо бўлса-да, бироқ касаллик аломатлари олдиндан сезилади. Масалан, гипертония касаллиги ва атеросклерозда мияга тўсатдан, кўпинча, киши ҳаяжонланганда қон қўйилади. Баъзан бош ғувиллайди, оғрийди, айланади, бошда оғирлик сезилади. Қон қўйилиши (геморрагик) мия тўқимасини емириб, тегишли фаолиятларни бузади; киши ҳушдан кетиб, қсади, юзи қизаради, тез-тез чуқур, кўпинча, хриллаб нафас олади, пульси таранг ва сийралашган бўлади, ҳарорати кўтарилади, сийдик ва нажаси келмай қолади ёки беихтиёр чиқиб кетади. Ҳаёт учун хавфли бу ҳолат 1-3 кун давом этиб, кейин бемор ҳушига келади ва миянинг бирор соҳаси зарарланганлигини кўрсатувчи белгилар юзага чиқади; кўпинча, тананинг ўнг ёки чап қисми фалаж бўлади (гемиплегия), бемор тилдан қолади ёки тузук гапира олмайди. Бир неча ойдан кейин фалаж деярли барҳам топиши, бемор яна тилга кириши мумкин.

Ишемик инсульт мия томирларининг тромбзи натижасида пайдо бўлади, бу мия тўқимасининг юмшаши – мия инфарктига сабаб бўлади. Бош оғриши, айланиши каби дастлабки белгилар пайдо бўлгандан кейин бемор ҳушдан кетмай, қўл ёки оёқ увишади, сўнгра парез ёки фалаж бўлади, сезиш қобилияти йўқолади ёки пасаяди, нутқ бузилади. Беморнинг ранги ўлган, кўз корачиқлари тор, пульси заиф, аммо ҳарорати меъёрий бўлади. Бузилган фаолиятлар бир неча ойда аёлига келиши мумкин.

Эмболияга алоқадор инсультда мияда қон айланиши тўсатдан (баъзан жисмоний зўриқишдан) бузилади. Эмболиядан олдин кишининг умумий аҳволи оғирлашади: дармони қурийди, ҳаллослайди, юраги «ўйнайди», ҳ-рти кўтарилади. Мия тўқимаси консизланганлги туфайли қўл-оёқ фалаж бўлади, сезмайди, баъзан нутқ бузилади. Бузилган фаолиятлар 1-3 ой ичида (баъзан тўла) тикланиши мумкин. Инсультнинг дастлабки белгилари пайдо бўлганда дарҳол шифокор чақириш, беморни тамомила тинч қўйиш керак. Кейин у шифокор маслаҳати билан парвариш қилинади.

Олдини олиш учун дам олиш, меҳнат қилиш ва овқатланишни тўғри йўлга қўйиш; руҳий-асабий зўриқмаслик, томир касалликларини ўз вақтида даволатиш лозим. Даво нафас олиш ва юрак-томир тизими фаолиятини барқарорлаштириш, миянинг қон билан таъмиланишини яхшилаш, мияда шиш пайдо бўлишига йўл қўймаслик, жарроҳлик усули ёки зарур дори-дармонлар билан бемор соғлигини тиклаш, шифобахш бадан тарбия, массаж ва ҳ. к. дан иборат.

[addtoany]