Истерия [юн. hystera – бачадон; юнонлар истерияни бачадоннинг зарарланиш оқибати деб билишган] – асабий-руҳий касаллик; неврозлар гуруҳига киради, руҳият, ҳаракат, сезувчанлик ва ички аъзолар фаолиятининг функционал бузилишлари билан ифодаланади. П. Павлов таъбирича, асаби заиф кишилар истерияга мойил бўлади. Бош мия пўстлоғидаги тормозланиш ва қўзғалиш жараёнларининг бузилиши ва ишдан чиқиши асаб фаолиятининг турли бузилишларига олиб келади; улар баъзан истерик реакциялар кўринишида кечади. Истерия белгилари 3 гуруҳ симптомлар билан ифодаланади: ҳаракат, сенсор (сезги) ва вегетатив бузилишлар.
Ҳаракат бузилишлари – гиперкнезлар (қалтираш, силкиниш, тутқаноқ тутиши, фалажланиш, маълум гуруҳ мушакларининг учиши, сезувчанликнинг бузилиши) билан намоён бўлади.
Сенсор (сезги) бузилишларга – анестезия, гипо- ва гиперестезия ҳамда истерик алгиялар киради. Истерик анестезилар – қўлқоп, пайпоқ кўринишида бўлади. Истерия алгияларда бемор танасининг турли жойларида оғриқ сезади, баъзи аъзолар фаолиятининг йўқолиши, масалан, кўрлик, карлик, соқовлик кузатилади.
Вегетатив бузилишлар – кўпинча, юқорида айтиб ўтилган аломатлар, масалан, томокдаги ёки ҳиқилдоқдан спазмлар, нафас олишнинг тезлашиши, ҳаво етишмаслиги билан бир вақтда бронхиал астмага ўхшаш (пседоастматик), баъзан юрак ўйнаши ёки юрак атрофида нохуш оғриқлар пайдо бўлиши кзатилиб, бу кўкрак кисиши (стенокардия) ёки миокард инфаркти хуружини эслатади. Беморнинг юзаки фикр юритиши, бўлар-бўлмасга ишонувчанлиги, хаёлпарастликка мойиллиги, кайфиятнинг бекарорлиги (салга кулиб, салга йиғлаши), ўзгалар эътиборини жалб қилишга уриниши, олифталиги истерияга хос белгилардир. Касаллик узоқ кечганда тегишли даво килимаса, беморнинг характери ва хулки ўзгариб қолиши – психопатияга олиб келиши мумкин.
Олдини олиш оилада, мактабда ва жамоат ташкилотларида тарбияни тўғри йўлга қўйиш, шунингдек, нерв тизимига ёмон таъсир қиладиган ҳамма омилларни бартараф этиш, мунтазам меҳнат қилиш, спорт билан шуғулланиш, сайр қилиб туришдан иборат. Истериянинг дастлабки аломатлари пайдо бўлиши биланоқ мутахассис шифокорга бориш зарур. Психотерапия, тинчлантирувчи ва тетиклантирувчи воситалар қўлланилади.