Куйдирги

Куйдирги – одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик; зооноз касалликлар гуруҳига киради. Касаллик қадимдан маълум. Гиппократ ҳам бу ҳақда ёзиб қолдирган. Куйдирги қўзғатувчиси – Bacillus anthracis – спора ҳосил қиладиган ҳаракатсиз таёқча. Споралар жуда чидамли бўлиб, сувда йиллаб, тупроқда ўн йиллаб (20-30 йил ва ундан ортиқ) сақланиши мумкин.

Одамга касал ҳайвонлардан – ҳайвоний сўйиш, гўштини нимталаш вақтида, шунингдек, сув, тупроқ, чорвачилик маҳсулотлари орқали юкади. Одатда, касаллик шу соҳа ходимларида, яъни ҳайвонлар билан бевосита мулоқотда бўладиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Инфекция соғлом одам организмига нафас йўллари, тери ва оғиз орқали тушиши мумкин. Одамда куйдиргининг ўпкага, ичакка, терига зарар етказадиган ва инфекция – қонга ўтиб тарқаладиган Септик хиллари учрайди. Касаллик аломатлари ҳам зарарланган аъзоларга қараб турлича бўлади. Куйдиргининг тери шаклида куйдирги қўзғатувчиси зарарланган тери орқали киради. Бу шаклда яширин (инкубацион) давр 2-3 кун. Терининг инфекция кирган соҳасида дастлаб бўртма (папула) пайдо бўлади, у лойқа ёки қонли суюқлик билан тўлган пуфакча (путула)га айланади. Пуфакча тез орада ёрилиб, қора қўтир бўлади. Атрофида янги пуфакчалар ҳосил бўлиб, қора қўтир катталашади, унинг тагида огримайдиган шиш кўзга ташланади. Одатда, шу жароҳатни «куйдирги ҳўппози» деб аталади. У, кўпинча, юз соҳаси, билак, бўйин ёки оёқда бўлади. Бунда тана ҳарорати кўтарилиши, бош оғриғи, дармонсизлик, уйқу-сизлик ва ҳ. к. кузатилади. Орадан 2-3 ҳафта ўтгач, бемор тузала бошлайди. Ўпка куйдиргисида тўсатдан иситма кўтарилиб, йўтал тутади, қонли балғам келади, беморнинг кўкрак соҳаси оғрийди, нафас олиши қийинлашади. Ичак куйдиргиси овқатдан заҳарланишга ўхшаб бошланади, бемор кўнгли айниб, кусади, қорни қаттиқ оғрийди, ичи дам бўлади. Куйдиргининг ўпка ва ичак шакллари жуда кам учрайди. Даволаш мақсадида пеницилин ва куйдирги гаммаглобулини қўлланилади. Профилактика мақсадида моллар билан мулоқотда бўладиган касбдагилар: чорвадорлар, қассоблар, тери ошловчилар К. га қарши вакцина билан айланади.

[addtoany]