Онкология маркази, Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги онкология марказии. т. муассасаси. 1958 й. Тошкент ш. да Рентгенология, радиология ва онкология илмий текшириш ин-ти номи билан ташкил этилган. 1966 й. дан Онкология илмий текшириш ин-ти деб аталган. 2001 й. дан ҳоз. номда. Замонавий тилда қурилган ва 9 та ихтисослашган бўлими, ўсмаларни аниқлаш ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган хоналари, тажрибалар ўтказиш учун махсус виварийси бўлган марказда онкология соҳасида кенг қамровли фундаментал ва амалий илмий изланишлар олиб борилади ва мазкур соҳа мутахассислиги бўйича илмий кадрлар тайёрланади. Таркибида 17 та онкология хизматини кўрсатувчи йирик муассаса (шаҳар, вилоят, республика диспансерлари) мавжуд. Шунингдек, 271 та туман ва шаҳар поликлиникалари қошида онкокабинетлар ишлаб турибди. Республикада жами 2265 та онкологик койка мавжуд, улардан 145 таси болалар даволаниши у-н мўлжалланган (2015). Онкология марказида меъда-ичак ва суяк ўсмаларини аниқлашда рентгенотомограммани қўллаш, ўпка, ўт пфаги ва талоқни сканерлаш усули билан текшириш, ультратовушда деярли барча аъзолардаги ўсмаларни аниқлаш; экспериментал ҳайвонлар бош миясида сунъий ўсмалар ҳосил қилиш, хавфли ўсмалар пайдо бўлиши, ривожланиши ва таркалишида генлар ролини аниқлаш, онкологик беморларни физик омиллар: юқори ҳарорат, ўта совуқ ва лазер билан даволаш усуллари ишлаб чиқилди. Шунингдек, ўлкага хос хавфли ўсмалар, уларнинг дастлабки диагностикаси, олдини олиш, комплекс даволаш ва бошқа(лар) масалалар юзасидан илмий текшириш лар ўтказилади. Диспансер ишларини яхшилаш, фан ютуқларини тиббиёт амалиётига жорий этиш билан шуғулланилди. Жойларда соғлиқни сақлаш органларига онкология бўйича илмий-амалий, ташкилий, консультатив ёрдам кўрсатилади. Марказда 14 лаб., 7 илмий гуруҳ, илмий тиббиёт ахбороти, патент гуруҳлари, 315 ўринли клиник касалхона, аспирантура, клиник ординатура, консултатив поликлиника, дорихона, виварий, кутубхона, шунингдек, махсус дори воситалари ишлаб чиқарадиган «Ниҳол» з-ди ва бошқа(лар) бор (2015). 1972 й. Онкология марказининг Қорақалпоғистон флиали (Нукус ш. да) очилган.
Марказда 200 га яқин илмий ходим, жумладан, акад., 5 проф., 10 фан д-ри, 100 дан зиёд фан номзоди ва кўпгина малакали онколог шифокорлар хизмат қилади (2015). Марказ ЎзРда онкология муаммолари бўйича илмий ва методик муассаса ҳисобланади. Илмий ишлар нашр этади.
[addtoany]