Рентгенология

Рентгенология [рентген ва логия – фан] – тиббиёт соҳаси; аъзо ва тизимлар тузилиши ҳамда фаолиятларини текширишда, касалликлар рентгенодиагностикасида рентген нурлридан фойдаланиш масалаларини ўрганади. Рентгенология рентген нурлари кашф этилиши билан юзага келган. Рентгенология одам морфологияси, физиологияси ва патологиясига оид бир қанча масалаларни ишлаб чиқишда, шунингдек, соғлиқни сақлашни амалий ривожлантиришда муҳим роль ўйнади. Рентгенологик усул касалликларни аниқлашда етакчи усуллардан ҳисобланади (қ. Рентгенодиагностика). Рентгенологиянинг 20-а. нинг иккинчи ярмидаги ривожи фан ва техника тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Ҳоз. Рентгенология олдида тиббиёт соҳасидаги рентген техникасини ва касалликларни текшириш услубини такомиллаштириш, касалликларни рентген нурлари билан аниқлаш назариясини ривожлантириш, турли органларнинг рентгенограммаси ва флюрограммасини ҳосил қиладиган автоматик қурилмаларни яратиш, ангиография ва лифографияни ривожлантириш, электрорентгнографияни амалда татбиқ этиш, беморларни рентгенологик текширишдан ўтказишда уларни рентген нурларидан муҳофазалашни кучайтириш каби муҳим масалалар турибди.

Рентгенология билан радиология тарихан ўзаро жипс боғланган бўлиб, бу боғлиқлик, масалан, ин-тлар, илмий жамиятлар, журнал ва бошқа(лар) (рентгенорадология тарзида) номланишида ўз аксини топган. Кўпгина мамлакатларда рентгенология ўрнида «радиология» атамаси ишлатилади. Бу фан тиббиёт ин-тларининг рентгенология ва радиология кафедраларида ўқитилади.

Ўзбекистонда илк бор 1921 й. Ўрта Осиё ун-ти тиббиёт ф-тида рентген кабинети, 1923 й. дан бу кабинет негизида алоҳида рентгенология бўлими ташкил этилди. Кейинчалик биринчи ўзбек рентгенологларидан 3. Эгамбердиев, С. Носров ва бошқа(лар) шу соҳада фаолият кўрсата бошладилар. 1958 й. Тошкентда Ўзбекистон Рентгенология, радиология ва онкология илмий текшириш институти ташкил этилиши, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд тиббиёт ин-ти, Педиатрия тиббиёт ин-ти, Андижон тиббиёт ин-ти, Республика врачлар малакасини ошириш ин-тида Р. кафедраси очилиши муносабати билан бу фан ривожланди. Бунда Ж. М. Абдурасулов, Ж. Н. Махсумов, Ш. Мирғаниев, A.Р. Мансуров, К. Отабекова каби олимларнинг хизмати катта.

Загрузка...