Остеомиелит

Остеомиелит [остео – суяк ва юн. myeolos – мағиз, кўмик] – кўмикнинг яллиғланиши. Бунда яллиғланиш жараёни ҳеч қачон кўмик билан чекланмай, суякнинг қаттиқ (компакт) қисмига ва пардаси (периост)га тарқалади (қ. Периостит). Остеомиелит кўпинча, одам скелети ғовак суякларининг бўғимга яқин жойида учрайди. Йиринглатувчи микроблар (стафилококк, стрептококк), кўпинча, касалликка (носпецифик остеомиелит) сабаб бўлади. Микроблар суяк тўқимасига узоқдаги йиринг ўчоғидан, масалан, чипқондан, ангинада яллиғланган муртак безларидан, янги туғилган болаларда инфекция тушган киндидан қон оқими билан (гематоген йўл билан) келиши мумкин. Яллиғланиш сил, захм касалликлари оқибатида ҳам пайдо бўлади (специфик остеомиелит).

Касалликнинг ўткир ва сурункали турлари бор. Ўткир гематоген остеомиелит, одатда, 8-17 ёшда рўй беради. Кўпинча, бадан совкотгач ёки лат еган, тўсатдан бошланади. Бемор жунжиб, ҳарорати 39-40° гача кўтарилади, пульси тезлашади, кўз олди коронғилашади, ухлай олмайди, алаҳлади. Сўнгра яллиғланган суяк оғрийди, устидаги тери шишиб, қизаради. Йиринг ёриб чиққанда ҳарорат пасаяди, беморнинг аҳволи яхшиланади. Остеомиелит оқибатида йирингли артрит ривожланиши, суяк синиши, сепсис пайдо бўлиши мумкин. Қоида лейкоцитлар кўпаяди.

Сурункали О., кўпинча, касалликнинг ўткир туридан (йиринг ёриб чиққандан кейин) ривожланиб, йиринг чиқадиган тешик ҳосил бўлади. Йиринг бемалол чиқиб турганда ҳарорат меъёрий бўлиб, асосан, кечаси ёки об-ҳаво ўзгарганда, жисмоний иш вақтида оғриқ сезилади. Йиринг тешиги қисқа вақт беркилиб турганда иситма чиқади, оғриқ кучаяди, яллиғланган суяк устидаги тери бўртади (Остеомиелитнинг зўриқиши). Сўнгра йиринг тешиги яна очилиб қолади.

[addtoany]