Патологик анатомия

Патологик анатомия, патологик морфология – одам ва ҳайвон организмидаги патологик жараёнларнинг морфологик асосларини, патогенезнинг морфологик томонларини ўрганадиган фан; патологиянинг энг муҳим қисми. Патологик анатомия патологик физиология, микробиология, гигиена каби фанлар билан чамбарчас боғланган.

Патологик анатомия умумий ва хусусий қисмларга бўлинади. Умумий патологик анатомия умумий патологик жараёнлар (қон айланишининг бузилиши, яллиғланиш ва бошқалар)ни, хусусий патологик анатомия эса аъзо ва тизимлар (масалан, нерв тизими, юрак, Томирлар ва бошқа(лар))даги патологик жараёнларни ўрганади. Маълум касалликларда келиб чиқадиган ўзгаришларни ўрганадиган махсус патологик анатомия хам муҳим аҳамият касб этади. Мурдани ёриб, аъзолардаги ўзгаришларни ўрганиш ва тўқималарни микроскпда текшириш патологик анатомиянинг асосий усулидир. Патологик анатомия касаллик натижасида аъзо ва тўқималарда рўй берган ўзгаришларни ўрганишда биопсия усулидан кенг фойдаланади, яъни аниқ ташхис қўйиш мақсадида тўқима ёки аъзо бўлаклари кесиб олиб текширилади; Операция вақтида олиб ташланадиган аъзолар ҳам патологанатомик текширувдан ўтказилади. Тўқималардаги алмашинув жараёнини мукаммал таҳлил қилишга имкон берадиган гистокимёвий текшириш усули кенг тарқалган. Патологик ўзгаришларнинг авж олишини ҳайвонларда тажриба йўли билан пайдо қилиш жуда муҳим. Бу усул касалликнинг авж олишидаги ҳамма давр ва фазаларни аниқ кузатиб боришда бирмунча қўл келади.

Патологик анатомия узоқ тарихга эга. Мисрда жиноят қилганлиги учун қатл этилган кишининг мурдаси Птолемей II буйруғи билан врачларга илмий тадқиқот учун берилар эди. Герофил ва Гиппократлар шу даврда биринчи анатомик текширишлар ўтказишган. Абу Али Ибн Сино ҳам мурдани ёриб, аъзолардаги ўзгаришларни аниқлашга уриниб кўрганлиги маълум. Патологик анатомиянинг мустақил фан сифатида шаклланишида итальян анатоми Ж. Морганьи (18-а. нинг 2-ярми) ва француз анатоми М. Ф. Бишанинг (19-а. нинг бошлари) классик тадқиқотлари катта роль ўйнади. 19-а. нинг ўрталарида патологик анатомиядан атлас ва қўлланмалар чоп этилди. Бу даврда Европанинг кўпгина ун-тларида патологик анатомия кафедралари очилди.

Ўзбекистонда бир қанча тиббиёт ин-тлари (Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд, Андижон тиббиёт ин-тлари ва бошқа(лар))да ҳам патологик анатомия кафедралари, илмий текшириш институтлари (Ўзбекистон Сил касаллиги илмий текшириш институти, Онкология маркази) да П. а. бўлимлари ташкил этилди.

Ўзбекистонда П. а. фанининг асосчилари Г. Н. Терехов, С. Д. Татаренчик ва бошқа(лар) бўлди. Фаннинг кейинги тараққиётига А. И. Маърупов, Р. И. Данилова, Ф. Ж. Тўлаганов, Р. А. Аъзамов, М. С. Абдуллахўжаева, Э. С. Қсимхўжаев, О. М. Азизова, В. А. Алимов, Б. А. Маърупов ва бошқа(лар) олимлар катта ҳисса қўшдилар.

Патологик анатомиянинг долзарб масалалари дефолиантлардан, гербицидлардан заҳарланиш, географик патология, юрак-томир патологияси ва инфекцион касалликлар, нерв тизими патологияси ва бошқа(лар) устида тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда патологоанатомик хизмат кўрсатадиган мунтазам тизим ишлаб турибди. Вилоятлар марказида вилоят патологоанатмия кенгашлари барпо этилган. Ўзбекистон П. а. маркази П. а. хизматига ташкилий-услубий ва ўкув-илмий жиҳатдан раҳбарлик қилади. Бу марказда болалар касалликлари, оналарда ҳомиладорлик билан боғлик патология муаммолари ишлаб чиқилади ва илмий ишлар Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда олиб борилади.

[addtoany]