Қандли диабет

Қандли диабет, қанд касаллиги – организмда инсулин танқислиги ва моддалар алмашинуви бузилиши натижасида келиб чиқадиган касаллик. Қанд касаллиги шарқ халқ табобат тарихида жуда қадимдан маълум. Абу Али ибн Сино бу дардга алоҳида эътибор беради. «Сув қандай ичилган бўлса, шу ҳолда чиқади», деб ёзади у. Беморнинг кўп сув ичиши бошқа касалликларни ҳам келтириб чиқаради ва бемор жуда озиб кетади. Даволарга тўхтаб табиб: «Беморга совуқ мизожли суюқликлар ичир, совуқ жомга сол, нордон айрон ичир, мевалар бер, ялпиз дамлаб ичир, яъни беморни ҳўлла, совут», дейди. Бу – касаллик одам баданида иссиқликнинг ошиб кетиши туфайли пайдо бўлишини билдиради. Қанд касаллиги тарихий тиббий манбаларга кўра, наслий бўлиши ҳам мумкин. Қандли диабетда қонда қанд моддаси кескин кўпайиб, сийдик билан чиқиб туради (таркибида қанд моддаси бўлади), ташналик, озиб кетиш, қувватсизлик, бадан кичишиши ва бошқа(лар) аломатлар кузатилади.

Касалликнинг ирсий ёки ҳаётда орттирилган, шунингдек, инсулинга боғлик (диабетнинг 1-тури) ва инсулинга боғлик бўлмаган (диабетнинг 2-тури) тури фарқ қилинади.

Диабетнинг 1-тури, кўпинча, ўсмирлик ёшида учрайди. Бунда бемор организмида меъда ости бези ҳужайралари инсулин ишлаб чиқара олмайди ва уларни даволашда қанд миқдорини пасайтириш мақсадида инсулин препаратлари қўлланади.

Қандли диабетнинг 2-турида меъда ости бези оролча ҳужайраларидан инсулин и. ч. сақланиб қолади, бунда қон таркибидаги инсулин миқдори меъёрида ёки ундан сал юқорироқ бўлади.

Бироқ, тўқималарнинг инсулинга нисбатан сезгирлиги кескин пасайиши туфайли тўқималар томонидан глюкозани ўзлаштириш ҳамда фойдаланиш камаяди ва у қон таркибида тўпланиб қолади, натижада қонда қанд кўпайиб, сийдик билан чиқиб туради, бемор жуда семириб кетади. Диабетнинг бу тури билан, асосан, ўрта ва кекса ёшдагилар касалланадилар. Касаллик аста-секин, зимдан ривожланади, у бошланишида оғиз қуриши, чанқаш, озиш каби аломатлар яққол билинмайди. Беморни кўпроқ ҳолсизланиш, толиқиш, ташналик безовта қилади. Қон таркибидаги глюкоза миқдори юқори бўлишига қарамай, диабетнинг 2-турида қон таркибида ацетон моддасининг ортиши ва унинг сийдикда пайдо бўлиши жуда кам кузатилади. Бундай беморлар инсулин қабул қилмай яшашлари мумкин. Уларга парҳез, жисмоний машқлар билан шуғулланиш, қанд миқдорини камайтирувчи дорилар қабул қилиш яхши наф беради.

Қандли диабет – бир умрлик касаллик, уни бутун ҳаёт давомида даволаш зарур. Тўла-тўкис давланмайдиган ва қон таркибидаги глюкоза миқдори узоқ вақт юқори сақланадиган беморларда қандли диабетнинг томир асоратлари – диабетга хос ангиопатиялар (макро ва микроангиопатиялар) намоён бўлади.

Бу барча аъзоларнинг (тери, мушаклар, нерв ва ҳ. к.) капиллярларини шикастлайди. Диабетга хос микроангиопатиялар буйрак, кўз, оёқ ва бошқа(лар) аъзоларда кўпроқ ва эртароқ кузатилади.

Қандли диабет атерослерознинг ривожланиши, ўз навбатида, Юракнинг ишемик касаллиги (стнокардия, миокард инфаркти), мидда қон айланишининг бузилиши (бош айланиши, мия инсульти) ва ҳ. к. га олиб келади.

Қандли диабетнинг ҳар иккала турида ҳам даволашдан асосий мақсад иложи борича қондаги қанд миқдорини соғлом кишилардаги кўрсаткичга яқинлаштириш, яъни компенсация ҳолатига эришишдир. Қондаги қанд миқдорини меъёрида сақлаб туришнинг асосий йўли қондаги глюкозани иложи борича тез-тез аниқлаш; бундай назорат қандли диабетнинг инсулинга боғлик 1-турида жуда зарур. Уй шароитида мустақил ҳолда қондаги глюкоза миқдорини аниқлашда махсус реактив коғозлардан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун укол игна ёрдамида бармоқдан бир томчи қон реактив қоғозга олинади (қон қоғозни бир четидаги чизиқчаларга туширилади). Бир дақиқадан сўнг қонидаги қон пахта билан атиб ташланади ва яна бир дақиқа ўтгач, реактив қоғоз ранги шкала билан солиштирилади. Ранги энг яқин бўлган шкала кўрсаткичи шу қондаги глюкоза миқдорини ммол/л (мг %) да ифодалайди. Худди шундай усулда уй шароитида сийдикдаги қанд миқдорини ҳам беморларнинг ўзлари мустақил махсус реактив қоғозлар ёрдамида аниқлашлари мумкин. Агарда қонда ёки сийдикда глюкоза миқдори баланд бўлса, дарҳол тегишли даво муолажаларини амалга ошириш лозим. Булардан ташқари, беморлар тана вазнларини ҳам ҳафтада бир маротаба назорат қилишлари ҳамда уни ўз бўйи, ёши ва касбига мос бўлган меъёрда сақлаб туришлари керак.

Қандли диабетда даво ҳар бир беморнинг умумий аҳволи, касаллик аломатлари, қон, сийдик таҳлили ва бошқа(лар)га қараб тайинланади, у босқима-боскич олиб борилади. Даволаниш муддати касалликнинг оғир-енгиллиги, ўтказиб юборилган ёки янгилиги ва турига боғлиқ. ҚАЙДСИЗ диабет – нейро-эндокрин касаллик; асосан, гипоталамус ва гипофиз фаолиятининг бузилишидан келиб чиқади. Касаллик 17-а. да аниқланган, аммо, қандли диабетдан фарқлай олмаганликлари сабабли, унга алоҳида дард сифатида қарашмаган. Қандли диабет биринчи бўлиб инглиз олими Т. Уиллис томонидан аниқланди (1674 й.). У қандли диабетга чалинган беморлар сийдигини текшириб, қандли диабетдан фарқли равишда уларнинг сийдиги таркибида қанд моддасини топмаган ва бу касалликни қайдсиз диабет деб атаган. Касаллик, асосан, ёш эркак ва аёлларда, қисман болаларда ҳам кузатилади. Қандли диабетга хос аломатлар тўсатдан бошланади, бемор кўп сияди (полиурия), жуда чанқайди ва кўп суюқлик ичади (полидипсия), оғзи курийди. Касалликнинг бу белгилари тез орада зўраяди, бемор безовталанади, асабилашади. Дард авжига чиққан даврда 1 кунда ажраладиган сийдик миқдори ниҳоятда ошиб кетиши мумкин. Болаларда бу касаллик кечаси сийиб қўйиш (энурез) билан бошланади. Тез орада бемор анча озади, организмида минераллар алмашинуви бузилиши натижасида териси курукшаб қолади, сонлари синувчан, тез-тез тўкиладиган, тирноқлари мўрт ва уваланадиган бўлиб қолади. Кўп миқдорда сув ичиш овқат ҳазм қилиш тизимига нохуш таъсир кўрсатади. Меъданинг ҳазм ферментлари и. ч. фаолияти издан чиқиб, сурункали гастрит, ўт пуфаги секретар фаолияти бузилиши, ингичка ва йўғон ичаклар ҳаракатининг издан чиқиши, шиллиқ каватларга путур етиши, доимий қабзият ва бошқа(лар) келиб чиқади. Ҳаддан зиёд кўп сув ичиш меъда деворининг чўзилиб, ҳажми катталашишга ва меъданинг пастга тушишига олиб келади, бу меъда атрофидаги аъзолар фаолиятига ҳам таъсир қилади. Аёлларда ҳайз кўришнинг бузилишига, эркакларда жинсий майлнинг сусайишига, болаларда эса ўсиш ва ривожлнишдан орқада қолиш, жинсий ва жисмоний ривожланишнинг кечикиши каби ҳолатларга олиб келади. Касаллик узоқ давом этади, кўпинча, унинг ривожланиши бош мия жароҳати ва ундаги жарроҳлик амалиётларидан сўнг, бактериал менингит, вирусли энцефалит, захм, бош мия ўсмалари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Касалликка беморнинг шикоятлари, сийдик таҳлили, неврологик, офтальмологик, рентгенологик ва гипофизнинг компьютер ва магнит-резонансли томография натижаларига асосланган ҳолда диагноз қўйилади. Олдини олиш учун касалликнинг биринчи белгилари бошланиши билан эндокринологга мурожаат этиш ва унинг кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш лозим. Касаллик ўз вақтида даволанса, бемор бутунлай соғайиб кетиши мумкин.

Загрузка...