Қон босими

Қон босими, артериал босим-томирларда оқаётган қоннинг шу Томирлар деворига кўрсатадиган босими (тазйиқи); юрак иши ва Томирлар деворининг қаршилиги туфайли вужудга келади. Артериялар ичида – артериал, капиллярлар ичида – капилляр ва веналар ичида – веноз босим бўлади. Қон босими қоннинг Томирлар тизими бўйлаб оқишига имкон беради ва шу билан организм тўқималарида моддалар алмашинувини таъминлайди. Артериал босимнинг (АБ) юқори ёки паст бўлиши, асосан, юрак қисқаришларининг кучи ва Юракнинг ҳар қискарганда томирларга ҳайдайдиган қон миқдори, Томирлар (айниқса, периферик Томирлар) деворининг қон оқимига кўрсатадиган қаршилиги ва камроқ даражада вақт бирлигида юрак қисқаришларининг сони билан белгиланади. Айланиб юрадиган (циркуляция қиладиган) қон миқдори, унинг ёпишқоқлик, босимининг нафас олишга боғлик бўлган қорин ва кўкрак қафаси бўшлиғидаги ўзгаришлари ва бошқа(лар) омиллар ҳам АБ нинг юқори ёки паст бўлишига таъсир кўрсатади. Юракнинг чап коринчаси қисқаганда (систола) АБ максимал даражага етади. Бу жараёнда юракдан 70 мл қон отиб чиқарилади, бу миқдор қон бирданига майда қон томирлари (айниқса, капиллярлар) орқали ўтиб кетолмайди. Шу боис эластик аорта кенгаяди, ундаги босим (систолик босим) эса ортади.

Артерия, вена ва капиллярларда қон босими турлича бўлади. Юракдан узоқлашган сари қон босими пасайиб боради (аортада анча юқори, капиллярларда бирмунча паст, веналарда анча паст бўлади). Катта Одамда нормал артериал босим 100-140 мм симоб устуни (систолик босимга ва 70-80 мм симоб устуни (диастолик босим) га тенг. Бу босимлар фарқи пульс босими дейилади.

Организмдаги бирор-бир иллат туфайли қон босими ушбу кўрсаткичдан кўтарилиши ёки пасайиши мумкин.

Юрак коринчаларининг қисқаришлари орасидаги пауза (яъни диастола) вақтида кенгайган қон томирлари (аорта ва йирик артерияларнинг девори кискара бошлайди ва қонни капиллярларга ҳайдайди. Қон босими аста-секин пасаяди ва диастола охирида минимал даражага тушади (аортада 90 мм симоб устуни, йирик артерияларда 70 мм симоб устуни атрофида бўлади).

Загрузка...