Қон кетиши

Қон кетиши, қон оқиши – жароҳатланган томирлардан қон окиши билан кечадиган патологик ҳолат. Шикастланишлар ва турли хил касалликлар оқибатида юзага келади. Артериал (артерия томирларидан оч қизил рангдаги қон отилиб чиқади), веноз (вена томирларидан қорамтир қон оқади), капиллярлар ва паренхиматоз аъзолар (жигар, талоқ, буйрак ва бошқа(лар))дан қон кетади. Қон кетиши тезлиги шикастланган томирларнинг катта-кичиклиги ва унинг деворлари ҳолатига боғлиқ. Қон бирорта аъзо (меъда, ичак, мия ва бошқа(лар))га ёки ташқарига оқади. Қон қусиш, қон туфлаш, қон сийиш, плевра ва қорин бўшлиғида қон тўпланиши, бачадондан қон кетиши ва бошқа(лар) ҳам қон кетиши турларидан. Артериядан қон кетиши жуда хавфли, бунда қон томирдан босим билан отилиб чиқади. Болалар ва қарияларда қон йўқотиш, айниқса, хавфли. Аёлларда қон йўқотиш эркакларга нисбатан енгилроқ кечади. Қон ивишининг пасайиши билан кузатиладиган баъзи касалликларга (гемофилия, нур касаллиги) дучор бўлган одамларда қон кўп кетмаса-да, қон кетиши жараёни узоқ давом этиши туфайли хавфли бўлади. Қон кетиши ташқи (қон теридаги жароҳат орқали ташқарига чиқади) ва ички (қорин, кўкрак, калла суяги бўшлиқлари ва бошқа(лар)) бўлиши мумкин. Қон тўқима ичига қўйилганда юмшоқ тўқималарни сўради ва у ерда тўпланиб, гематома ҳосил қилади ёки сингиб кетади (қ. Лат ёйиш). Ташқи қон кетиши, одатда, тери ва оғиз, бурун бўшлиғи шиллиқ пардаларининг жароҳатланиши билан боғлик.

Бевосита шикастланишдан сўнг пайдо бўладиган травматик қон кетиши бирламчи, жароҳалангандан сўнг бир неча кун ўтгач, тайёрланган қон кетиши иккиламчи қон кетиши дейилади. Бундай қон кетишининг сабаби, кўпинча, жароҳатдаги йиринлаш жараёнлари бўлиб, улар шикастланган томирни беркитиб кўйган қон лахталарининг эриб кетишига олиб келади. Тананинг ёпиқ ёки чегараланган бўшлигига қон кетиши, асосан, ички аъзолар (жигар, ўпка ва бунинг шикастланиши натижасида юз беради ва бунда қон ташқарига чиқмайди. Бундай қон кетиши фақат қон йўқотиш туфайли организм умумий ҳолатининг ўзгариши ва бўшлиққа тўпланган суюқлик белгилари орқали билиниши мумкин. Қорин бўшлигига қон кетиши, асосан, ўткир камқонлик белгилари – рагпарлик, томирнинг кучсиз, лекин тез уриши, чанқаш, уйқучанлик, кўз олди қоронғилашши, ҳушдан кетиш билан ифодаланади. Кўкрак бўшлигига қон кетишида камқонлик симптомлари ҳансираш (қийналиб ва тез нафас олиш) билан бирга намоён бўлади. Кўкрак бўшлигига қон тўпланганлигини эшитиб, уриб кўриб ва рентгенологик текширишлар ёрдамида аниқланади. Калла суяги ичига қон кетишида биринчи ўринда қон йўқотиш симптомлари эмас, балки бош миянинг эзилиш белгилари – эс-ҳушнинг ўзгариши, нафас олишнинг издан чиқиши, фалажлар ва бошқа(лар) неврологик хусусиятлар юз беради. Ички қон кетишида бўшлиқли (ковак) аъзоларга қон тўпланган сари у табиий чиқарув тешиклари орқали ташқарига чиқа бошлайди, лекин бундай қон кетишининг сабабини аниқлаш ҳамма вақт ҳам осон бўлавермайди. Оғиздан қон келиши ўпка, юқори нафас йўллари, ҳалқум, қизилўнгач ва меъдадан қон кетиши билан боғлик. Ахлатда қон бўлиши меъда-ичак йўлининг исталган қисмидан Қ. к. да кузатилади. Сийдикда қон бўлиши буйрак, сийдик йўли ва қовукдан Қ. к. дан далолат беради. Бундай ҳолларда тўғри ташхис қўйиш учун ажралиб чиқаётган қоннинг кўриниши ва ҳолати катта аҳамиятга эга. Оғиздан қип-қизил кўпирган қон келиши ўпка сили учун хос. Кофе қуйқаси рангида қусиш меъдадан ва ўн икки бармоқ ичакдан Қ. к. ни, қорамойсимон ахлат меъда-ичак йўлининг юқори бўлимидан Қ. к. ни билдиради. Тўқ қизил ахлат билан бир текис ажралган қон ингичка ичакдан, ранги ўзгармаган ва ахлат билан аралашмаган қон йўғон ичакнинг энг пастки бўлимидан Қ. к. дан далолат беради. Аммо ҳамма вақт ҳам бу белгилар Қ. к. нинг сабаби, манбаини аниқлаш имконини бермайди, шунинг учун мураккаб диагностик текширувлардан фойдаланишга тўғри келади.

Қ-к. ни вақтинча ва тамоман тўхтатиш мумкин. Вақтинча қон тўхтатишда жгут, босувчи боғловлар боғланади, томир торайтиручи моддалар, муз ишлатилади. Тамоман қон тўхтатишда жарроҳлик усуллари (томирларни боғлаш, тақиш, шикастланган аъзоларни олиб ташлаш), шунингдек, қон қуйиш, қон ўрнини босувчи суюқликлар ва дорилар қўлланилади.

[addtoany]