Қорайиш

Қорайиш, терининг корайиши – одам терисининг қуёш нури ёки сунъий манбалар (симобли кварц лампалари) таъсирида қорамтир тус олиши, баданнинг тобланиши; бунда ультрабинафша нурлар таъсирида терининг мугуз қаватида меланин пигменти тўпланади ва тери қорамтир тусга киради. Ультрабинафша нурлар таъсирида организмда нерв тизими ва ички секреция безлари фаолиятини кучайтирадиган, биологик фаол моддалар ҳосил бўлади, моддалар алмашинуви яхшиланади, организмнинг юқумли касалликларга қаршилиги ортади. Бундан ташқари, ультрабинафша нурлар таъсирида ёғ безларидан чиқадиган ёғ таркибидаги эргостерин моддасидан витамин Д ҳосил бўлади. Бу витамин суяк тизими учун жуда зарур бўлиб (у етишмаганда рахит пайдо бўлади), кальцийнинг ичакдан қонга сўрилишини таъминлайди.

Қорайиш киши организмининг ҳимоя реакцияси бўлиб, ультрабинафша нурлар таъсирида терининг базал қават ҳужайралари яхши ўсади (қ. Тери); мугуз қават калинлашади, натижада у ультрабинафша нурларни терининг ички каватларига ўтказмайди, ҳужайраларни нобуд бўлишидан ва қуёш нури таъсирида терини куйиш ёки офтоб уришидан сақлайди.

Терлаш ҳам кишини офтоб уришидан ҳимоя қилувчи омиллардан ҳисобланиб, киши терлаганда тер таркибидаги уроканин кислота ультрабинафша нурларни кўп ютади, натижада организм қуёш нури таъсиридан сақланиб қолади. Қорайиш аста-секин амалга оширилиши лозим. Биринчи куни офтобда 10-15 мин. ўтириш ва кейинчалик ҳар куни 10 мин. дан ошириб бориш керак. Офтобда 1-1,5 соатдан ортиқ ўтирмаслик зарур. Иссиқ ва ўртача иқлимда яшовчи кишилар соат 11-12 гала офтобда толанишлари мақсадга мувофиқ. Бунда бошга рўмол ўраш ёки чега кенг шляпа кийиб, қора кўзойнак тақиб олиш керак. Кўз шиллиқ пардасида қуёш нуридан сақлайдиган қават йўқлигидан улар яллиғланиб қолиши (конъюнктивит) мумкин. Қорин очлигида ёки овқатланган заҳоти офтобда тобланишга рухсат этилмайди; кун тиғида ухлаш ниҳоятда хавфли. Тез қорайиш мақсадида қуёш нурида кўп ўтириш натижасида бетоблик аломатлари (лоҳаслик, асабийлашиш, бош оғриғи, уйқусизлик, эт увишиши, ҳарорат кўтарилишидан ташқари тери куйиши ёки офтоб уриши мумкин.

Агар қуёш нурида тоблангандан кейин тери ачишиб қизарса, қизарган жойга қатиқ, атир ёки арақ суртиш, тери асл ҳолига келмгунча қуёш ванналари қабул қилмаслик керак. Терининг қизарган жойлари шишиб, пуфакчалар пайдо бўлса, шифокорга мурожаат қилиш лозим. Қорайиш ҳамма учун ҳам фойдали деб бўлмайди. Кекса кишилар, 2 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар, шунингдек, ўпка сили, юрак-томир касаллиги, неврастения, қизил югурик билан оғриган беморлар қуёш нурида тобланмаганлари маъқул; агар тобланиш зарур бўлса, албатта, шифокор маслаҳати билан қилиш керак.