Қулоқ шанғиллаши – ташқи товуш таъсирисиз кулокда шовқин сезилиши. Соғлом кишиларда баъзан шовқинсиз тинч шароитда ҳам қулоқ шанғиллаши (физиологик шанғиллаш) кузатилади, бу ички қулоқнинг майда томирларида қон ҳаракатланишининг сезилиши натижасида содир бўлади. Ўрта ёки ички қулоқ ёхуд эшитув нерви касалланганда, симоб, қўрғошин, маргимуш каби баъзи дори моддалардан заҳарланганда, гипертония, гипотония ва бошқа(лар) касалликларда патологик қулоқ шанғиллаши рўй беради. Қон босими ўзгарганда, руҳий изтироб, жисмонан зўриқиш, толиқиш ва бошқа(лар)да қулоқ шанғиллаши кучайиши мумкин. Баъзан ҳомиладорлик, климактерия даврида ҳам вақтинча қулоқ шанғиллайди. Қулоқ шанғиллаганда дарҳол шифокорга учрашиш лозим, чунки у қулоқ ва юрак-томир тизими касалликларининг дастлабки белгиси бўлиши ҳам мумкин. Ҳомиладорларда қулоқ шанғиллаши рўй берса, албатта, аёллар консультациясига кўриниш лозим; бу даврда Қ. ш. ҳомиладор аёл қон босимининг кескин ўзгарувчанлиги (бекарорлиги) ва ҳомиладорлик токсикози сабабли бўлиши мумкин (қ. Ҳомиладорлик токсикозлари).
[addtoany]