Склерит – склеранинг яллиғланиши. Ревматизм, сил, подагра, бруцеллёз ва бошқа юқумли касалликлар оқибатида пайдо бўлади. Чуқур ва юза склерит фарқ қилинади. Чуқур склеритда склеранинг чуқур қатламлари яллиғланади ва турли жойларида тугунлар кўзга ташланади. Яллиғланиш жараёни кўзнинг шох (мугуз) пардасига ва янада чуқурроқ қатламларига тарқалиши мумкин. Тугунлар ўрнида кулранг доғлар қолади. Юза склеритда кўз оқи қизариб, шишади ва баъзан шох пардага ҳам ўтади. Кўз ёшланади, бемор ёрукка қарай олмайди, лекин кўриш фаолияти бузилмайди. Баъзан склера абсцесси кузатилади, бунда кўз қаттиқ оғрийди, қизаради ва склеранинг айрим жойлари шишади. Касаллик абсцесснинг ёрилиши билан тугайди. Склерит ўз вақтида даволанмаса, кератит ҳамда иридоциклига сабаб бўлиши мумкин. Беморни мутахассис шифокор даволайди.
[addtoany]