Ревматизм [юн. rhevmatismos – шиллиқ] – бириктирувчи тўқиманинг кенг тарқалган яллиғланиши билан тавсифланадиган касаллик, бунда, асосан, юрак, бўғимлар ва бошқа(лар) аъзолар яллиғланади. Стрептококклар қўзғатадиган қайталаниб турувчи касалликлар (асосан, ангина) ва организмнинг стрептококклар таъсирига жавобан кўрсатиладиган аллергик реакцияларга (қ. Аллергия) мойиллиги касалликнинг келиб чиқишида ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Ангина билан оғриган беморлар ревматизмга кўпроқ чалинишади. Совқотиш ревматизмнинг авж олишига замин яратади, шунинг учун касаллик кўпроқ йилнинг совуқ ва намгарчилик фаслида кузатилади.
Ревматизмга аксарият 7-15 яшар болалар чалинади. Касаллик ўткир бошланиши мумкин; ангинадан тузалгандан сўнг 10-14 кун ўтгач, ҳарорат яна кўтарилади, оғриқ пайдо бўлади, тирсак, билак-кафт усти, тизза, болдир-оёқ панжаси бўғимлари ва бошқа(лар) бўғимлар қизариб, шишиб чиқади (ревматик полиартрит). Бунда бўғимларнинг зарарланиши турғун бўлмайди, одатда, 10-12 кун ўтгач, полиартритнинг ҳамма аломатлари йўқолиб кетади. Лекин бундай тузалиш вақтинча, чунки, айни вақтда, юрак (мушак қавати, клапанлари, ташқи пардаси) ҳам зарарланади. Клапанларнинг ревматик зарарланиши уларнинг турғун деформациясига ва юрак пороги пайдо бўлишига олиб келади (қ. Юрак пороги).
Ревматизмда Юракнинг зарарланиши (ревмокардит) полиартритсиз ҳам авж олиши мумкин. Ревматизмнинг бошқа аъзолар ва тўқималар, чунончи нерв тизимини ҳам зарарлантириши мумкинлигини ҳисобга олиш зарур. Нерв тизими зарарланганда боланинг оёқ-қўллари беихтиёр учиб туради, ўта қўзғалувчанлик, тез толиқиш кузатилади (қ. Хорея). Бўғимнинг шишиши ва устидаги терининг қизариши билан давом этадиган ҳар қандай оғриқ – ревматизм, худди шунингдек, юрак соҳасидаги нохуш сезгилар ва юрак уриши ревмокардит белгилари бўлавермайди. Шу боис ревматизмни фақат мутахассис врач текшириб аниқлаши мумкин. Шифокорга ўз вақтида мурожаат қилинса, беморни муваффақиятли даволаб, тузатиб юбоса бўлади. Касалликнинг оғир (ўткир) босқичида бемор, одатда, касалхонада даволанади. Касалхонадан чиқиб кетгандан кейин ҳам узоқ вақт ревматология кабинети шифокори кузатувида бўлади. Дори-дармонлар билан даволаш тартиби, врач тавсия этган гимнастика режими ва даражаси касалликнинг кечиш хусусиятлари, юрак пороги, қон айланишининг етишмовчилиги бор-йўклиги ва ҳ. к. билан белгиланади. Беморда сурункали гайморит, отит, фарингит, тонзиллит каби касалликлар бўлса, уларни даволаш, зарур деб топилганда операция қилиш ревматизмнинг янги хуружлари олдини олишда зарурий шарт ҳисобланади.
Ревматизмнинг олдини олишга уй-жой шароитларини яхшилаш, болалар муассасаларида юқумли касалликлар олдини олиш, организмни чниктириш, бадан тарбия билан шуғулланиш каби соғломлаштириш тадбирлари киради.
[addtoany]