Хроматида

Хроматида [юн. chromatos – ранг, бўёқ] – хромосоманинг тузилма элементи (қ. Хромосомалар). Ҳужайра ядроси интерфазаси даврида ДНК молекуласининг икки ҳисса ортиши (репликацияси) натижасида ҳосил бўлади. X. митознинг метафазасида, айниқса, яхши кўринади. Бу даврда хромосома 2 та хроматидадан иборат. Улар бирламчи белбоғ (центромера) орқали ўзаро бириккан бўлади. Митоз анафазасида центромера узилиб, X. янгидан ҳосил бўладиган қизлик ядроларга тарқалади ва мустақил (кизлик) хромосомаларга айланади. Мейозда гомолог хромосомалар ўзаро яқинлашиб, тўртта хроматидадан иборат тетрадани ҳосил қилади (қ. Мейоз). X. ўртасидаги фарқ кроссинговер натижасида ёки ҳар хил хроматиданинг қисмлари ўртасида ўзаро алмашинув туфайли пайдо бўлади. Айрим физик ва кимёвий омиллар таъсирида бундай алмашинув тезлашади. Алмашинувлар натижасида ирсий хилма-хиллик (генетик гетрогенлик) ортади.

Загрузка...