Дерматология

Дерматология [дермато… ва ..логия] – тери касалликлари ҳақидаги фан; клиник тиббиётнинг бир соҳаси. Терининг тузилиши, вазифаси, соғлом тери ва касаллик ҳолати, шунингдек, организмнинг бошқа касалликларида терида бўладиган ўзгаришларни ўрганади. Тери касалликларини аниқлаш, даволаш ва олдини олиш масалаларини ишлаб чиқади. Дерматология умумий ва хусусий қисмларга бўлинади. Умумий дерматология соғлом ҳамда касал терининг анатомияси ва физиологиясини, тери касалликларининг юзага келиш сабаблари, даволаш ва олдини олиш усулларини, хусусий дерматология эса тери, соч ва тирнокда пайдо бўладиган айрим касаллик белгиларини, кўзғатувчиларини, даволаш усулларини ўрганади. Дерматология венерология, ички касалликлар, невропатология, эндокринология, психиатрия ва бошқалар тиббиёт фанлари билан чамбарчас боғланган.

Дерматология узоқ тарихга эга. Қад. Мисрда қичима, сачратқи, қўтир, мохов каби тери касалликларини турли мой дорилар, малҳамлар билан даволашган; терини косметик усулда парвариш қилиш ҳам кенг расм бўлган. Юнонистон ва Римда тери ва таносил касалликларини даволаш билан шуғулланганлар. Гиппократ тери касалликларини бир тартибга солиб қўтир, мохов, соч тўкилиши, қадоқ каби касалликларни ўрганган ва уларни даволаш ҳақида маълумотлар берган. Қад. Рим шифокори Цельз чипқон, трихофития, псориаз ва бошқа(лар) касалликлар тўғрисида батафсил ёзиб, бу дерматозларни даволашда ультрабинафша нурлар, илиқ физик омиллардан фойдаланишни тавсия этган. Ўрта осиёлик олим Абу Али Ибн Сино «Тиб қонунлари» китобида пўрсилдоқ яра, қичима, гўш (экзема), захм, мохов ва бошқа(лар) тери касалликларини тасвирлаш билан бирга уларнинг бир-биридан фарқини ҳам кўрсатиб, даволаш усулларини ёзиб қолдирган. Дерматология фанининг шаклланиши 16-а. нинг иккинчи ярмида физика, кимё, биология фанларида қилинган кашфиётлар билан узвий боғлик. 18-а. да тери-таносил касалликларининг этиологияси, патогенези ва клиникасини ўрганиш авж олди ва инглиз, француз, немис, рус дерматология мактаблари пайдо бўлди. Ўзбекистонда Ўрта Осиё давлат ун-ти тиббиёт ф-тида тери ва таносил касалликлари кафедраси ташкил этилганидан (1920) бошлаб дерматология ва венерология соҳаси ривожланади. 1924 й. да Тошкентда тери ва таносил касалликлари диспансери, 1932 й. да Дерматология ва венерология илмий тадқиқот институти ташкил қилиниши бу фаннинг ривожланишига кенг йўл очиб берди. Сўзак, захм, терининг замбуруғли касалликлари, втилиго каби касалликларнинг тарқалиши, этиологияси, патогенези, диагностикаси, Давоси, олдини олиш масалалари ўрганилди (A. А. Аковбян, X. Н. Хидиров, И. А. Гелинцевский, Т. Т. Тожибоев, К. С. Сулаймонов ва бошқа(лар)) Тери касалликлари (захм, кал)да ички аъзоларнинг зарарланиши; касбга алоқадор тери касалликлари; дерматомикозлар қўзғатувчиларининг турини аниқлаш бўйича илмий изланишлар олиб борилди (У. К. Белуха, Ҳ. Ҳусанов, Р. А. Капкаев, У. М. Мираҳмедов ва бошқа(лар)). Ўзбекистонда Ҳоз. Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт ин-ти, Врачлар малакасини ошириш ин-ти, Бухоро, Самарқанд, Андижон тиббиёт ин-тларида дерматология ва венерология кафедралари фаолият кўрсатади.

Олимлардан А. А. Аковбян, У. М. Мираҳмедов, Р. А. Капкаев, М. М. Обидов, А. X. Абдуллаев, А. Ш. Вайсов, Ш. А. Ҳамидов, X.

Ш. Шодиевларнинг ижодий изланишлари кенг тарқалган тери касалликларини кескин камайтиришга имкон берди.

ДЕРМАТОЛОГИЯ ВА ВЕНЕРОЛОГИЯ

Загрузка...