Диагностика

Диагностика [юн. diagnostikos – аниқлашга қодир] – клиник тиббиёт ва ветеринариянинг касалликни аниқлаш, уни даволаш ва олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида организмни текшириш усулларини ўрганадиган бўлими. Диагностика фан сифатида уч асосий қисмга бўлинади: 1) беморнинг шикоятларини йиғиш ва ўрганиш методика с и, касалланиш ва ҳаёт тарихи, шунингдек, диагностик техника, яъни беморни текшириш усуллари; 2) касалликларда кузатиладиган ҳар хил белгилар (симптомлар) ҳақидаги таълимот (семиотика); 3) беморни текшириб, олинган маълумотларни танқидий нуқтаи назардан баҳолаб, ташхис қўйиш учун шифокорнинг муҳокама юритиш услуби, яъни ташхис методикаси.

Беморни текширишда, аввало, унинг сезгилари, касаллиги қачон бошланган ва қандай ўтгани, меҳнат ва турмуш шароити ё ўзидан, ёки яқин кишиларидан (гўдак болани текширишда онасидан) сўраб олинади, яъни анамнез тўпланади. Анамнез тўплаш ва беморнинг касаллик тарихини тўғри баён қилиб бериш ташхис учун ғоят катта аҳамиятга эга.

Объектив текширишда бемор кўздан кечиримли ва пальпация, перкуссия, аускультация усуллари қўлланилади. Нерв тизими ва сезги аъзоларини текширишда рефлекслар, сезувчанликнинг ҳар хил турлари, кўрув ва эшитув, таъм ва ҳид билув ўткирлигини аниқлаш учун махсус усуллар татбиқ этилади. Олий нерв фаолиятини ўрганиш диагностиканинг муҳим взифаларидандир. Бундан ташқари, тана ҳ-рти ва қисмлари ўлчанади (термометрия ва антропометрия), ичкарироқда жойлашган аъзоларни текширишда ҳар хил кўзгулар (қулоқ, бурун, ҳиқилдоқ, қин кўзгулари) ва оптик асбоблар (кўзни текширишда – офтальмоскоп, қизилўнгачни кўришда – эзофагофиброскоп, меъда-ичак йўлларини текширишда – гасродуоденофиброскоп, колоноскоп ва ҳ. к.)дан фойдаланилади. Юрак ва томир ҳаракатларини қоғозга ёки фотоплёнкага ёзиб олиш (кардиография ва сфигмография)нинг аҳамияти катта. Юрак ва миядаги электр потенциалларининг ўзгаришларини қайд қилиш (электрокардиография ва электроэнцефапография), айниқса, қимматли усулдир. 20-а. охирида ички аъзолар касалликлари диагностикасида ультратовуш техникаси, магнит резонанс аппарати, компьютер томография усуллари кенг қўлланила бошлади. Баъзи касалликларни аниқлашда радиоактив изотоплар татбиқ этилади. Бунда нафас олиш, қон айланиш, ажратиш аъзолари ва эндокрин тизимлар ҳолати, шунингдек, моддалар алмашинувининг бузилиши аниқланади. Лаб. да қон, сийдик, ахлат, балғам, шунингдек, кўмик, жигар, талоқ, лимфа тугунларини пункция қилиб олинган материаллар микроскопик, физик ва кимёвий текширишдан ўтказилади (қ. Биопсия). Касалликни қўзғатган микроблар ва иммунитетни аниқлаш мақсадида ўтказиладиган бактериологик, иммунологик ва серологик усуллар диагностика учун катта аҳамиятга эга. Ҳоз. рдиотелеметрик диагностика усули (бирор кўрсаткични масофадан ўлчаш) ишлаб чиқилган.

Айрим ҳолларда касаллик симптомлари кам, чалкаш бўлиши ёки типик бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда дифференциал диагностика усули қўлланилади: шифокор беморда топилган симптомларни тахмин қилинаётган касалликларга мос келиш-келмаслигини мукаммал таҳлил қилиб, тахмин қилинаётган касалликларни ҳисобдан чикара боради ва шу йўл билан муайян хулосага келгач, касалликка ташхис қўяди.

Функционал касалликлар диагностикасида ташхис қўйишда асосий ва йўлдош касалликлар ҳамда асоратлар сабаблари аниқланади, тизим ва аъзолар фаолиятининг бузилиш даражаси белгиланади, текширилаётган беморнинг шундай касаллик билан оғриган бошқа бемордан фарқ қиладиган физиологик хусусиятлари ҳисобга олинади. Патологоанатомик диагностикада бемор вафот этганидай кейин уни ёриб олинган маълумотлар ва тўқималар бионтатини таҳлил қилиш асосида ташхис қўйилади. Диагностикани такмиллаштиришда телекоммуникация, интернет ва электрон алоқалардан фойдаланиш мумкин.

[addtoany]