Ишиас

Ишиас [юн. ischion – сон], бел-думғза радикулити – қуймич нерви касаллиги. Кўпинча, совқотиш, жисмоний зўриқиш, турли инфекциялар ва шикастланишлар, моддалар алмашинувининг бузилиши сабаб бўлади. Ўрта яшар ва кекса кишиларда учрайди. Асосан, қуймич нерви ва унинг тармоқлари борган қисм оғрийди. Оғриқ умуртқа поғонасининг бел қисмига ва оёқ орқасига ҳам тарқалиб, вақт-вакти билан, айниқса, бемор ҳаракат қилганда зўраяди.

Бирламчи ва иккиламчи, шунингдек, ўткир ва сурункали (вақт-вакти билан қўзиб турадиган) ишиас фарқ қилинади. Грипп, ревматизм, безгак, бруцеллёз, сил каби касалликлар; қўрғошин, маргимуш, алкоголдан заҳарланиш; моддалар алмашинувининг бузилиши (подагра, диабет, авитаминоз), шунингдек, ҳар хил шикастлар бирламчи ишиасга сабаб бўлиши мумкин. Умуртқа поғонаси, умуртқапар орасидаги дисклар, думғаза-ёнбош ва чаноқ-сон бўғимлри касалликлари, шунингдек, гинекологик ва урологик касалликларда иккиламчи ишиас кузатилади. Сурункали ишиас баҳор ва кузда зўриқади, узоқ давом этганда болдир ҳеч нарса сезмайди ва Ахилл пайи рефлекси йўқолади.

Доим зах жойда ишловчи кишиларда кўпроқ учраганлиги учун халқ ишиасни ҳам бод, гоҳо оёқ оғриғи дея беради.

Давоси: зўриккан вақтида ўринда ётиш буюрилади, иссиқ қилинади, оғриқ қолдирувчи дорилар, парафин, балчиқ қўйиш, уқалаш ва бошқа(лар) физиотерапия усуллари тавсия этилади. Чимён (Фарғона), Чортоқ, Жалолобод, Жайронхона (Термиз) каби курортларда даволаниш ҳам яхши фойда беради (яна қ. Радикулит).

[addtoany]