Лимфа тугунлари, лимфа безлари – одам ва юксак умуртқали ҳайвонларнинг лимфа тизими тузилмалари. Лимфа тугунлари қон яратиш аъзоси (қ. Қон) ва касаллик қўзғатувчи микроблар, уларнинг токсинлари ва умуман заҳарли моддалар учун тўсиқ вазифасини ўтайди. Шу тариқа лимфанинг биологик фильтри ҳисобланади. Лимфа тугунлари пушти-кулранг, қалин капсула билан қопланган, думалоқ ёки овал шаклли тузималардан иборат; уларда лимфоцитлар ҳосил бўлгани учун лимфоид аъзолар деб ҳам аталади. Лимфа тугунлари иммунобиологик жараёнлар ва лимфа оқими (ҳаракати)ни тартибга солиб туради. Лимфа тугунлари «дарвоза»сидан чиқиб, лимфа олиб кетучи Томирлар ўзаро қўшилиб, лимфа стволини ҳосил қилади, улар иккита йирик лимфа йўлига айланади, булардан вужудга келган йирик Томирлар бўйнида йирик вена қон томирига туташади. Лимфа билан оқиб келган касаллик қўзғатувчиларини Л. т. ҳужайралари қисман ёки бутунлай ютиб юборади (қ. Фагоцитоз). Баъзи касалликлар (ангина, эпидемик паротит ва бошқа(лар))да Л. т. шишиб, катталашиб кетади (яна. қ. Лимфаденит, Лимфогранулематоз).
[addtoany]