Остеохондроз [остео – суяк ва юн. chondros – тоғай] – умуртқаларни бирлаштирувчи тоғай-пай қисмининг дегенератив трофик ва функционал ўзгариши натижасида келиб чиқадиган касаллик. Одатда, умуртқа поғонасининг бўйнидан ёки белдан пастки, кўкракдан юқори қисмлари зарарланади. Моддалар алмашинувининг бузилиши, турли шикастланишлар, оғир зўриқишлар ва бошқа(лар) сабаб бўлиши мумкин. Умуртқа поғонасининг фаолияти функционал жиҳатдан фақат боғловчи тоғай-пай аппратларига эмас, балки ушлаб турувчи тана ва умуртқа мушаклари, қон ҳамда нерв томирлари, орқа мия пардаларига ҳам боғлик. Умурткнинг эгилувчанлиги, эластиклиги, ҳаракатчанлик, жисмоний зўриқишларга чидамлилигини умуртқалараро дисклар таъминлайди. Бу дискни коплаб турган тоғай ва пай элементлари умуртқаларни бир-бирига боғлаб туради ва бир бутун умуртқа устунини ҳосил қилади. Диск ва унинг атрофидаги пай-тоғай боғловчи элементлардаги ўзгаришларга ревматизм, шикастланишлар, иммунитетнинг сусайиши ва ирсий омиллар сабаб бўлиши мумкин. Остеохондроз кўпроқ бўйин ва бел дискларида учрайди. Дискда кузатиладиган дегенератив ўзгаришлар асосида мураккаб биокимёвий жараёнлар ётади. Турли шикастланишлар таъсирида дискнинг асосий моддаси деполимеризацияга учраб, ҳужайраларни жароҳатлайди ва ўзгартиради. Натижада асосий модда нордон мукополисахаридларнинг кўпайишига олиб келади, у эса дискнинг тоғай ва пай тўкималарини аста-секин юмшатиб, фиброз ҳалкаларда ёрикчалар ҳосил қилади ва дискнинг герметик ҳолатини бузади, дистрфик ва дегенератив жараёнлар ривожланади.
Остеохондроз 2 босқичда ўтади: 1) хондроз даври. Бунда умуртқалараро диск ядросини ўраб турган боғловчи фиброз ҳалқа ва бошқа(лар) элементлада ўзгариш бошланади, лекин диск оғриқни сезмаганлиги учун бу даврда беморда клиник белгилар кузатилмайди; 2) остеохондроз даври. Бунда бошланган дегенератив ўзгаришлар диск ва умуртқанинг суяк қисмига ўтади, чегараланган «беркитувчи» пластинкалар йиртилиб, герметиклиги йўқолади; қон Томирлар ва нерв толалари диск ичига ўтиб, оғриқ беради. Дистрофик жараён диск атрофидаги умуртқа бўғимларида, калта-узун пайларда ҳам ривожлана боради ва умуртқалар орасини торайтриб қўяди, умуртқа «ўтириб» қолади. Касаллик белгилари дегенератив дискнинг жойлашишига боғлиқ. Агар бўйин соҳасида бўлса, шу соҳага алоқадор аъзолар фаолиятида ўзгаришлар, касалликлар ва синдромлар кузатилади. Бўйин остехондрози экстракраниал (ташқи нерв илдизлари синдромлари), интракраниал (ички ва ташқи шикастланишлар, қон етишмовчилиги), вертебрал (вертебрал етишмовчилик) хиллари бор.
Кўкрак қисмидаги остеохондроз белгилари, асосан, нерв илдизларининг синдромлари билан ифодаланади.
Бел умуртқаси остеохондрози кўпроқ учрайди, чунки киши бирор бир меҳнат қилганда маълум бир жисмоний куч талаб этади ва бу ўз-ўзидан белни зўриқтиради. Бел остеохондроз ининг қуйидаги турлари ажратилади: 1) илдизли – рефлектор синдром (люмбаго, ишиас ва бошқа(лар)); 2) умуртқа диск чурраси, унда турли компрессион миелопатиялар кузатилади; 3) диск атрофидаги илдиз қон томир ва бўғимлар билан бирга кузатиладиган синдромлар; 4) чаноқ суяклари найлари ва думғаза билан бирга учрайдиган синдромлар (сакроилеит, сакрализация, кокцигодиния).
Остеохондрознинг барча хилида оғриқ бўлади, бу касалликнинг қайси босқичда эканлигига боғлиқ. Даво, асосан, консерватив, оғриқ қолдирувчи дорилар буюрилади. Остеохондрознинг диск чурраси стабил фалажни келтириб чиқарса, операция қилинади.
[addtoany]