Патологик физиология

Патологик физиология – касал организм (одам ва ҳайвоннинг ҳаёт фаолияти, ундаги функционал ўзгаришлар, касалликнинг пайдо бўлиши, авж олиши, кечиши ва оқибати қонуниятларини ўрганадиган фан. Патологик физиология нормал физиология, патологик анатомия, хусусий патология билан чамбарчас боғланган. Патологик физиология умумий ва хусусий қисмдан иборат.

Умумий қисмда касаллик биологик қонуният, бир бутун организмнинг реакцияси сифатида ўрганилади. Касаллик негизи, ривожланиши, кечиш даврлари ва оқибатлари (соғайиш, ўлим) таснифи каби масалаларни ўрганиш ҳам шу қисмга киради. Бунда организмнинг реактивлиги, невроген, гуморал, эндокрин ва бошқа(лар) омиллар роли, умумий ва маҳаллий ўзгаришларнинг ўзаро муносабати, патологик жараён у ёки бу тўқима ва тизимларда рўй бергандаги хусусиятлар, жараённинг организмга тарқалиш йўллари аниқланади. Яллиғланиш, иситма, қон айланишининг маҳаллий бузилиши, Гипоксия, моддалар алмашинувининг издан чиқиши каби патологик жараёнлар ўрганилади. Функцилар бузилганда мосланиш (қ. Адаптация) ва уларнинг тикланиш механизмлари текширилади; патологик жараёнларни даволаб бартараф этиш йўллари (экспериментал терапия) ишлаб чиқилади.

Хусусий қисмда турли аъзо ва тизимлар (масалан, юрак, жигар, нерв тизими, ички секреция безлари ва бошқа(лар)) фаолиятининг бузилиш сабаблари, ривожланиши, кечиши ва окибатининг умумий қонуниятлари ўрганилади. Бунда айрим касалликларнинг механизмларини ўрганиш учун эксперимент шароитида уларнинг андоза (модел)лари яратилиб текширилади.

Патологик физиологияда турли усуллар, асосан, патофизиологик эксперимент усулидан фойдаланилади: ҳайвонларда турли касалликлар пайдо қилиниб, уларнинг сабаблари, ривожланиши ва ҳ. к. ўрганилади. Шу боисдан патологик физиология экспериментал фан ҳисобланса-да, асосий вазифаси клиникага ёрдам бериш бўлгани учун бевосита беморларни текширади. И. М. Сеченов, И.П. Павлов, И. Е. Дядьковский, A. А. Богомолец каби рус олимлари, француз олими К. Бернар ва бошқалар патологик физиологиянинг ривожланишига катта ҳисса қўшди.

Ўзбекистонда тиббиёт олий ўқув юртлари – Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд, Андижон тиббиёт ин-тлари, Тошкент тиббиёт педиатрия ин-тида патологик физиология кафедралари, айрим тиббиёт илмий текшириш институтлари (масалан, Ўзбекистон гематология ва қон куйиш ин-ти, Ўзбекистон тери-таносил касалликлари ин-ти ва ҳ. к.)да патологик физиология лабораториялари мавжуд. Ўзбекистонда патологик физиология фанининг шаклланиши ва ривожланиши проф. В. В. Василевский, М. Н. Ханин, X. Р. Фарҳодий, Н. Ҳ. Абдуллаев, М. М. Ҳакбердиев, 3. Н. Кармов, Ҳ. Ё. Каримов, Ю. О. Отабеков ва бошқа(лар) номи билан боғлиқ.

70-й. лардан бошлаб жигар ва бошқа ички аъзолар шикастланишида микроциркуляция, функционал ва метаболик ўзгаришлар механизми ҳужайра ва ҳужайра тузилмалари (монооксгенезлар) даражасида ўрганилмоқда. Патогентик даволанишнинг янги йўлларини тажрибада асослаш ва уларни амалиётга жорий этиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Илмий ишларни Ўзбекистонда Соғликни сақлаш вазирлиги илмий тиббиёт кенгаши қошидаги умумий патология муаммолари комиссияси мувофиқлаштириб туради.

[addtoany]