Рахит [юн. rhachis – умуртқа], ширзада – ёш болаларда учрайдиган касаллик. Организмда витамин D етишмаслиги туфайли фофор-кальций алмашинувининг бузилиши натижасида келиб чиқади. Рахитга, кўпинча, боланинг чала туғилиши, қувватсизлиги, сунъий овқатлантириш сабаб бўлади.
Бола яхши парвариш қилинмаса, очиқ ҳаво ва қуёш нуридан баҳраманд бўлмаса, нотўғри овқатлантирилса, унинг организмига витамин D етарли миқдорда кирмайди ёки ультрабинафша нурлар етишмаслигидан терисида витамин D ҳосил бўлиши бузилиб, рахит касаллиги кучаяди. Бундан ташқари, боланинг тез-тез касалланиши, онанинг ҳомиладорлик вақтида овқат рационининг бузилганлиги ҳам рахит касаллигига сабаб бўлади. Рахит касаллиги моддалар алмашинувининг бузилишига ҳамда турли аъзо ва тизимлар ишининг издан чиқишига олиб келади. Бу касалликка фосфор ва кальций каби минерал тузлар алмашинуви, айниқса, кучли бузилади. Ичакда кальцийнинг сўрилиши ва суякларга ўтириши ўзгаради, бу – суякнинг игичкалашиб, тўқималарининг юмшашига, нерв тизими ва ички аъзолар ишининг бузилишига сабаб бўлади.
Касалликнинг дастлабки даврида беморнинг нерв тизимида ўзгаришлар рўй беради: бола қўрқоқ, тажанг, инжиқ ёки шалвиллаган бўлиб қолади; кўп терлайди, эмаётганида юзи, етганида энсаси терга ботади. Болани қичима безовта қилганлиги учун у бошини ёстиққа ишқайверганидан орқа сони тўкилиб кетади. Касаллик кучайганда мушаклар заифлашади, буришади; касал бола соғлом болага нисбатан кеч юради, корни шишади, ичи, кўпинча, қотади ёки сўради, кейинчалик суяк тизими ўзгаради: елка сулги яссиланади, боши катталашади, пешона ва калланинг тепа сулги туртиб чиқади, пешона дўнг бўлиб қолади, калла тепа суяги ва энса соҳасидаги суякнинг юмшаши кузатилади. Бошнинг катта лиқилдоғи ўз вақтида суякланмайди. Кўпинча, тўш ёнидаги қовурға суяклари қалинлашади. Бола юра бошлаганида оёқлари X шаклида ёки О шаклида қийшаяди. Кўкрак кафасининг шакли ҳам ўзгаради: ё олдинга туртиб чиқади ёки ичига кириб кетади.
Рахитга учраган болалар турли юқумли касалликларга (айниқса, зотилжамга) мойил бўлади.
Рахит касаллигининг олдини олиш туғруққача бўлган даврда бошланади. Ҳомиладор аёл мумкин қадар тоза ҳавода кўпроқ бўлиши, режимга қатъий риоя қилиши, тўғри овқатланиши керак (қ. Овқатланиш).
Бола туғилганидан кейин уни парвариш қилишнинг барча қоидаларига риоя қилиш ва иложи борича кўкрак суди билан боқиш лозим (қ. Гўдак).
Касалликни даволашда шифокорнинг кўрсатмасига мувофиқ, витамин D бошқа дорилар билан биргаликда берилади. Зарур бўлган ҳолларда шифокорнинг тавсиясига мувофиқ даво гимнастикаси, массаж, кварц лампаси билан нурлантриш ўтказилади.
[addtoany]